Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАТАНГА ХОИНЛИК ФОШ ЭТИЛДИ

Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремистик ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига раҳна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз онгини заҳарлашга ҳаракат қилмоқда.

Инсоннинг ўз юртига ва халқига хиёнат қилиши, оғир гуноҳдир. Ана шу ҳақиқатни англаб етмаганлар бугун оиласи, халқи Ватанига хоинлик қилиш йўлига кириб қолмоқда. Аммо улар бундай қабиҳликлар ортида аччиқ қисмат ётганлигини афсуски, кеч англамоқда. Дилшод Ҳалимов, Акмал Қаюмов ва Ҳасан Ҳамидов каби кимсалар ана шундай аччиқ қисматга дучор бўлишди.
Мактабни тугатиб, бир оз муддат бекор юрган Дилшод мўмай пул топиш илинжида Россияга жўнайди. Бир неча йиллар давомида ўзга юртда ишлаб, маълум бир вақтларда Ўзбекистонга ҳам келиб-кетиб юради. Уйлангандан сўнг турмуш ўртоғи билан яна Россия Федерациясига қайтиб кетади. У ишлаб юрган кезларида Баҳодир исмли тожик йигити билан танишиб, ундан диний илм ва намозни ўргана бошлайди. Интернет тармоғи ва DVD дисклар орқали диний экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги маърузаларни тинглашни одат қилади. Қолаверса, доимий яшаш учун Ўзбекистонга қайтганида ушбу маърузаларни ўзи билан яширин тарзда олиб келади."Жиҳод", "ҳижрат" ва "халифалик" каби ғоялар йўғрилган бу маърузаларни оила аъзоларидан пинҳон тутади.
Шундай кунларнинг бирида у масжидга қатнаб юрадиган Акмал Қаюмов билан учрашиб ҳамсуҳбат бўлади ва унда ҳам ўзидаги каби турли маърузалар борлигини билиб олади. Диний экстремизм ва ақидапарстлик руҳидаги маърузалар уларнинг кўзларига буткул парда тортади. Янги шериклар излаб, қўл телефонларида ушбу маърузаларни олиб юради. Уларнинг навбатдаги шериклари Фирдавс ва Элбек бўлади.
Ҳамтовоқлар биргалашиб, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тизимига тажовуз қилиш мазмунидаги маърузалардан сабоқ олади.
Турли давраларда маъруза ва видеоларни қўйиб, диний суҳбатлар ўтказади. Ёшларни мужоҳидлар, яъни Суриядаги террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга ундайди.. Ўзлари ҳам тезроқ Туркия ва Сурия давлатларига ҳам чиқиб кетиш режасини тузади. Уларнинг сафига Ҳасан Ҳамидов ҳам қўшилади.
Бу орада Россия Федерациясига кетган Фирдавс Ўзбекистонда қолган шериклари билан доимий алоқада бўлади ва бошқа хорижий давлатлардан шериклар топиб, улар билан яқинлашишга ҳаракат қилади.
Аммо улар ўзларининг ёвуз режаларини амалга оширолмади, қабиҳ ниятларига етиша олмади. Бу кимсаларнинг жирканч қилмишлари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилди. Уларга қонун доирасида тегишли жазо тайинланди.

Ғ.АБДУСАМАТОВ


Дата добавления: 01/02/2019 14:59;   Просмотров: 916
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку