Айни пайтда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли диний экстремизм ва террорчи оқимларнинг тарафдорлари халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига рахна солишга, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқда.
Инсоннинг ўз юртига ва халқига хиёнат қилиши оғир гуноҳдир. Ана шу ҳақиқатни англаб етмаганлар бугун оиласи, халқи, Ватанига хоинлик қилиш йўлига кириб қолмоқда. Аммо улар бундай қабиҳликлар ортида аччиқ қисмат ётганлигини афсуски, кеч англамоқда. Дилшод Ҳалимов, Акмал Қаюмов ва Ҳасан Ҳамидов каби кимсалар ана шундай аччиқ қисматга дучор бўлишди.
Мактабни тугатиб, бир оз муддат бекор юрган Дилшод мўмай пул топиш илинжида Россияга жўнайди. Бир неча йиллар давомида ўзга юртда ишлаб, маълум бир вақтларда Ўзбекистонга ҳам келиб кетиб юради. Уйлангандан сўнг турмуш ўртоғи билан яна Россия Федерациясига қайтиб кетади. У ишлаб юрган кезларида тожик миллатига мансуб Баҳодир исмли йигит билан танишиб, ундан диний илм ва намозни ўргана бошлайди. Интернет тармоғи ва DVD дисклар орқали диний экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги маърузаларни тинглашни одат қилади. Қолаверса, доимий яшаш учун Ўзбекистонга қайтганида ушбу маърузаларни ўзи билан яширин тазда олиб келади “Жиҳод”, “ҳижрат” ва “халифалик” каби ғояларга йўғрилган бу маърузаларни оила аъзоларидан пинҳон тутади.
Ҳамтовоқлар тил бириктириб Ўзбекистон Республикаси конституциявий тизимига тажовуз қилиш мазмунидаги маърузалардан сабоқ олишади. Улар 2013-2015 йиллар давомида жамоат хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш мақсадида Афғонистон, Сурия, Ироқ давлатларида ташкил қилинган диний экстремистик гуруҳлар ва бошқаларни очиқдан-очиқ ушбу йўлга даъват қилади. Турли давраларда маъруза ва видеоларни қўйиб, диний суҳбатлар ўтказади. Кишиларни мужоҳидлар, яъни Суриядаги террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга даъват этади. Ўзлари ҳам тезроқ Туркия ва Сурия давлатларига чиқиб кетиш режасини тузишади. Уларнинг сафига Ҳасан Ҳамидов ҳам қўшилади.
Бу орада Россия Федерациясига кетган Фирдавс Ўзбекистонда қолган шериклари билан доимий алоқада бўлади ва бошқа хорижий давлатлардан шериклар топиб, улар билан доимий мулоқотда бўлишга ҳаракат қилади.
Аммо улар ўзларининг ёвуз режаларини амалга оширолмади, қабиҳ ниятларига етиша олмади. Бу кимсаларнинг жирканч қилмишлари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан фош этилди. Уларга қонун доирасида тегишли жазо тайинланди.
Ғ.АБДУСАМАТОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.