бу тинчлик учун барча масъул
Маълумки, инсоният тарихида диннинг жорий бўлиши кишиларга пайғамбарлар орқали ахлоқий, эътиқодий, муомала маданиятлари, оила ва унинг тизими ҳамда ундан бошқа бир неча жамият учун лозим бўлган кўрсатмаларни бериб, ҳар бир замонда яхши яшаш ва салоҳият учун хизмат қилиб келади. Жумладан, ислом динининг ибодат қисмлари билан бир қаторда жамиятимизнинг салоҳияти, тинчлик-хотиржамлигига етакловчи тушунчасини ўзининг асосий ғояси ва шиорига айлантирган. Мақаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ана шу тинчлик-осойишталикдир, ҳамма даврда ҳам жамиятнинг ривожланиши, тараққий топиши, халқнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечириши ана шу тинчликка боғлиқлиги барчага маълум.
Инсоннинг оиласи тинч, яшаб турган манзил-макони осойишта экан, унга оиланинг равнақи, фарзандларининг таълим-тарбияси, келажаги ва истиқболига олиб борувчи барча омилларга муяссар бўлажак.
Бундан ташқари, жамиятда ҳаёт кечираётган одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши асосан хотиржам бўлишликка боғлиқдир. Шу маънода Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир” – деганлар. Демак, инсонлар учун сув ва ҳаводек зарур сиҳат-саломатлик ва тинчлик-осойишталик неъматларининг қадр-қимматига ўта аҳамият бериши керак бўлган жиҳат эканлиги ҳадиси шарифда таъкидланмоқда.
Ана шу кўрсатмадан келиб чиқиб, кундалик ибодатларида яратганга илтижо қилиб тинчлик-хотиржамликни, бахту саодатни, фаровон ҳаётни сўраш ҳар бир соф иймон эгасининг улуғ мақсади бўлмоғи лозим. Бу эзгу тилаклар ер юзидаги барча олий ҳиммат инсонларнинг хоҳиш-иродаси, талаб ва истагидир. Зеро, динда адашиш, нотўғри ақидаларга эргашиш муқаддас динимиз кўрсатмаларини инкор қилиш бўлиб, пировард натижада инсоннинг ўзига ва ўзгаларга зулм қилишдир. Айни пайтда шу маънода Парвардигор зулмдан қайтариб: “Аллоҳ оламда ҳеч қандай зулмни бўлишини ҳоҳламайди” (Оли Имрон сураси, 108-оят) деб, ўзига ва ўзгаларга зулм қилишдан қайтармоқда.
Юқоридаги илоҳий далилларда зулм ва ёмонлик Аллоҳнинг қайтарган ва қилиш мумкин бўлмаган ахлоқ қоидалари экани кўриниб турибди.
Ҳақиқатда ислом дини ҳар қандай шароитда экстремистик ҳаракатлар – зулм келтирувчи ҳаракатларни амалга оширишга қарши туради. Шундай пурмаъно инсонпарварлик таълимотлари динимизда бўла туриб афсуски, Аллоҳ таолони улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёнинг турли бурчакларида қон тўкилишлар содир бўлмоқда.
Бу хунрезликларни дунё бўйлаб амалга оширилиши террористик кучларнинг муқаддас ислом дини ниқоби остида содир этиши билан боғлиқ бўлмоқда. Бунинг оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлмоқда. Муқаддас динимизда ҳеч қадай гуноҳи, айби бўлмаган одамнинг ҳаётига зомин бўлиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида. 32-оят). Демак, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган кимсаларнинг гуноҳлари улкандир. Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик ислом динига бутунлай зиддир. Бирор мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши асло мумкин эмас. Шунингдек, солиҳ киши бошқа одамларни жиноят қилишдан қайтаришга Аллоҳ таоло олдида масъулдир. ҳар бир имонли кишининг бурчи ер юзида бузғунчиликка йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун ҳаракат қилишдан иборат.
Шукурлар бўлсинки, ҳозирда Ўзбекистон ҳалқи террорчилик қандай офат эканлигини яхши билади. Ватанимиз фуқаролари бу тинчликни асраб-авайлашга бирдек масъулдирлар.
Барот АМИНОВ,
Имом Бухорий халқаро макрази манбашунослик бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.