Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАТАН ҚАДРИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ

Инсон киндик қони тўкилган, аждодлари яшаб, ўзи вояга етган тупроққа қаерда бўлмасин барибир талпиниб яшайди. Чунки у ер Ватан, саодат маскани, яқинлар меҳр-муҳаббати, содда ва хушчақчақ халқнинг тафти ҳар нафас сезилиб турадиган жаннатмонанд юрт. Америка Қўшма Штатларида яшаётган қизимнинг чақирувига биноан у мамлакатда қарийб бир ойча яшаб, она Ватаннинг қадр-қимматини янада теран англагандек бўлдим.

АҚШга бориш учун Тошкентдан Ригага, сўнг Нью-Йоркка етиб бордим. У ерда қизим ва куёвим кутиб олишди. Шу куни автомашинада шаҳарлараро саёҳат қилиб, улар яшаётган Бруклен шаҳрига етиб бордик. Баланд-баланд кўп қаватли бинолар, тоза-озода кўчалар, гўзал хиёбонлар ҳайрат ва ҳавасни оширади. Шу куни чарчоқ сабаб тунда қотиб ухлабман. Эрта тонгда нонуштадан сўнг куёвим ва қизим ишга, набираларим эса ўқишга кетишди. Бир ўзим уйда қолиб нима ҳам қиламан, дедимда Брукленнинг қайноқ ҳаётини томоша қилиш учун кўчага чиқдим. Бир қанча савдо дўконларига кириб, антиқа буюмларни томоша қилдим. Атрофдаги инсонлар сизнинг ўзга юртдан эканлигингизни тез пайқашади. Ўз тилида "Сизга қандай ёрдамим тегиши мумкин?" деб мулозамат ҳам кўрсатишади. Қани тил билсангу улар билан мириқиб суҳбатлашсанг, афсуски менда ундай имконият йўқ-да.
Кейинги кунлар яқинларим ҳамроҳлигида шаҳар ва хиёбонларни айландик, турли халқларга хос ошхоналарга кириб, овқатландик. Кенг уммон бағрида сайр қилдик. Ўзбекистонлик йигит-қизлар билан танишиб, уларнинг фаолияти билан қизиқдик. Хуллас, ҳар куним ҳайрат ва қизиқарли воқеа-ҳодисаларга бой бўлди. Аммо...
Қизим ва набираларим билан бирга, борганимга эндигина бир ой бўлган бўлса-да юрт соғинчи мени ўртай бошлади. Кўз ўнгимдан Ватанимда ортимдан кузатиб қолган ширинтой набираларим, ширинсуҳан қўни-қўшниларим ўта бошлади. Юртим ҳавосини қумсаб кетдим. Шу боис "Темир қанот"га ўтирдиму ҳаш-паш дегунча Ўзбекистонимга келиб тушдим.
Фарзандларим кутиб олишди. Очиғини айтсам, аввало, ўз Ватанимга қайтганимдан, соғинчимнинг юпанчини топганимдан кўзларимдан беихтиёр тирқираб ёш чиқиб кетди. Ватанимга муҳаббатимни чуқур ҳис эта бошладим, мен уни жуда-жуда яхши кўраман. Унинг қадр-қиммати бир нарса, восита билан ўлчаб, қиёслаб бўлмас даражада улуғ ва юксак. Бежиз Ватан ва Она сўзларини ёнма-ён тилга олишмаслигини яна бир бор англадим.
Фарзандларим, шу юртда камолга етаётган набираларимга она Ватанни қадрлаш, унинг ҳар қарич ерини кўзга тўтиё қилишни ҳар дам, ҳар нафас такрорлайман. Негаки, "Ватанни севмоқ иймондандир".

Хожи Қамар МУАЗЗАМОВ


Дата добавления: 05/04/2019 15:05;   Просмотров: 896
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку