Вақт деганлари ажаб шошқалоқ чиқди-да, нуқул одамларни шоширгани-шоширган. Ишларингизни битказиб олдингизми деб сўрамайди ҳам. Намунча қадамлари катта бўлмаса, яна унинг ўнг қўл тақвими бор, кунлар оғирлик қилса керак деган саволларни жавобсиз ўтказаверади. Ахир бизни бу дунёдан умидимиз катта, қиладиган ишларимиз эса қалашиб ётибди. Ҳар қанча уринсак ҳам улгурмаяпмиз. Баъзида адашдикмикан, кечагина ҳафтанинг боши эди-ку деган хаёлга борамиз.
Тўй ва яна бошқа яхшигина маросимлар кунини белгилаймиз, ҳали тараддудимиз охирига етмасдан вақт ўтиб қолади. Яна имкон топилса, бошқача қилардим дея афсус ҳам чекамиз. Худо кўрсатмасин, бари-бир бошимиз узра ўлим деган шарпа оралаб юради. Азроил қани кетдик, деса бас, бир сония ҳам кутмайди. У билан бирга келишиб олишгандек айримлар хайр хуш қилмасдан кетиб қолади.
Баъзиларимиз эса иморатни битказай, фарзандларим тўй қилай, набира кўриб қарилик гаштини сурай деймиз. Хуллас, орзу ҳавасларимизнинг чеки йўқ. Бу ниятларимиз билан вақтнинг иши йўқ. У билганидан қолмайди. Муроса қилишни ҳеч билмас эканда. У бизларга имкон бермаса биз ўзимиз ҳушёр туришимиз керак. ундан унумли фойдаланишимиз керак. Яхшилик қилиб озгина умримизни ҳам сермазмун ўтказишга ҳаракат қилайлик. Зеро вақт биздан эмас, биз ундан ўтайлик.
Ҳидоят УМРҚУЛОВА
* * *
1. Сизнинг вақтингиз чегараланган. Шунинг учун уни бекорга сарфламанг. Догмаларнинг қармоғига илинманг – бошқаларнинг фикри билан яшаманг. Бегона фикрлар шовқини ўзингизнинг ички овозингизни босиб кетишига йўл қўйманг. Энг муҳими, ўз қалбингиз ва ички сезгингиз кўрсатган йўлдан юришга ўзингизда куч топа олинг. Аслида ким бўлишни хоҳлаётганингиз уларга ҳайратангиз тарзда маълумдир. қолган ҳаммаси иккинчи даражали.
2. Ўзингизнинг феъл – атворингизга, тақдирингизга, ҳаётингизга, насибангизга ишонинг. Бундай ёндашув менга бирор марта панд бермаган ва ҳаётимни буткул ўзгартириб юборган.
3. Мен аминманки, ягона суянчим-ўз ишимга муҳаббатим бўлган. Нимани яхши кўрсанг шуни излашинг керак. Бу ишга ҳам, муносабатларга ҳам тааллуқли. Иш ҳаётингизнинг катта қисмини банд этиши турган гап, ундан роҳатланишга ёрдам берувчи ягона туйғу жуда катта иш қилаётганингга ишонишдир. Буюк ишни амалга ошириш учун эса уни севиш керак.
4. Ҳеч ким ўлишни истамайди, ҳатто жаннатга тушишни орзу қилувчилар ҳам. Лекин барибир ўлим билан юзма – юз келиш ҳаммамизнинг бошимизда бор. Ҳозиргача ҳеч ким ундан қочиб қутулган эмас. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак. Чунки, ўлим табиат ўйлаб топган нарсаларнинг энг яхшиси шекилли. Ҳаёт учун у ўзгаришлар манбаидир. Янгига йўл бериш учун эски ўчириб ташланади.
Тайёрлади Шоҳида БЕРДИЕВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.