Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУЁШГА ПЕШВОЗ ЧИҚИБ

Туман ҳудуди Самарқанд шаҳрининг теварак-атрофида жойлашганлиги учун азал-азалдан халқимиз рамзий равишда шаҳарнинг “яшил белбоғи”, “мева-сабзавот ороли” деб аташади. Бу бежиз эмас, албатта. Тумандаги экин майдонлари ғоят унумдор ва серҳосил бўлиб, юртимизда етиштириладиган мева ва сабзавотнинг барча турларидан мўл ҳосил олинади.

Ерга ўзининг чинакам меҳрини бериб, деҳқончилик соҳасида жуда катта тажриба ва малака тўплаган, мўл маҳсулотлар етиштириб уларни юртдошларимиз дастурхонига тортиқ этаётган, ҳатто қайта ишлаб, чет мамлакатлар аҳолисига сотаётган фермер ва деҳқонлар, ишбилармон-тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Шунинг учун 2017 йил учун белгиланган ғалла, пилла ҳамда сабзавот-мева режалари ортиғи билан бажарилганини эътироф этиш мумкин.
Шу соҳа йўналишида 2017-2018 йилларда жами қиймати 160 млрд. сўмлик 67 та лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Чорвачиликни ривожлантириш бўйича 11 та, паррандачилик 12 та, балиқчилик 1 та, асаларичилик 3 та, қуёнчилик 2 та, 60 гектарлик интенсив боғ ташкил этиш бўйича 4 та лойиҳа, 1000 гектар узумчилик хўжалигини ташкил этиш бўйича 9 та лойиҳа, 8 минг тонналик музлаткич бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ишлар ҳозир жадаллик билан олиб бориляпти.
Туман тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари кўпчиликни ташкил этади. “Аъзам-Азамат агро”, “Талабот”, “Асрорқул Носиров узумзорлари”, “Илёс Раббимқул”, “Нурафшон Азамат”, “Абдурауф Давронов” фермер хўжаликлари шулар жумласидан бўлиб, ушбу хўжаликларда меҳнат қилаётган миришкорлар мамлакатимиз истиқлолининг 26 йиллигини мўл-кўл қишлоқ маҳсулотлари етиштириб, режаларини бажариш билан кутиб олдилар. Айни дамда эса куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш, келгуси йил чора-тадбирларини белгилаш нияти билан меҳнат қилмоқдалар. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган сўзларидан тўғри хулоса чиқариб бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан самаралироқ ишлашга аҳд қилган фермерлар ҳар бир ишни кўнгилдагидек амалга ошираётирлар.
Хуллас, далада пишиб етилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини нобуд қилмасдан йиғиштириб олаётган деҳқонларимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги кунигача соҳа режаларини ортиғи билан бажаришга аҳд қилишган. Амалга оширилаётган ишлар эса аҳдга яраша бўлмоқда.

Н.ОЛИМОВ


Последнее редактирование: 19/10/2017 14:34;   Просмотров: 1287
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку