Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УСМОН САМИЕВ ЙЎЛЛАРИ

Қор-ёмғирдан сўнг кўплаб кўчалар ўнқир-чўнқир бўлиб, айниқса ҳайдовчиларнинг асабига тегади.

Аммо Самарқанд – Оҳалик йўли улардан истиснодир. Чунки мазкур кўча ёзда ҳам, қишда ҳам равон ва энг муҳими, бузилмайди. Сабаби – ўтмишда бу йўлларга Зарафшон дарёси бўйидан қайроқ тошлар келтирилиб терилган. Ҳашар йўли билан мазкур кўчанинг битишида Усмон ота ва унинг падари бузургвори Сами бобонинг ҳиссаси катта.

Таниқли адиб ва таржумон Набижон Боқий Усмон Самиевнинг тўнғич ўғил, машҳур ҳуқуқшунос ҳақида ёзган “Устоз Умарқул Усмонов ҳикматлари” китобида (448 саҳифа) жуда кўп маълумотлар берган. Аммо МТС раҳбари, Самарқанд туман ижроия қўмитаси раисининг муовини, собиқ “Ишчилар” жамоа хўжалигининг раиси лавозимларида самарали фаолият олиб борган Усмон Самиев ҳаёт саҳифаларининг ҳаммаси хам очиб берилган эмас.

Лавҳамиз қаҳрамони Усмон Самиев Самарқандда ўқиди, ҳарбий таълим, тактик машқлардан ўтди. Сўнгра Баҳромбек, Амрича, Шаҳриёр каби каллакесар босмачилар тўдасини тор-мор келтиришда бош-қош бўлди. Бир неча махсус топшириқларни муваффақиятли бажаргани учун номи ёзилган Браун тўппончаси билан тақдирланди.

1941 йили фашист босқинчилари собиқ совет иттифоқига ҳужум қилишди. Шўро ҳукумати қарорига кўра ёши қирқдан ошган фуқаролар урушга сафарбар этилмаслиги лозим эди. Шунинг учун ҳам уруш бошланган пайтда қирқ бир ёшга тўлган Усмон Самиев бемалол “брон”дан фойдаланиб, фронт орқасида қолиши мумкин эди. Аммо у қалб амри билан ўз аризасига кўра Ватан ҳимоясига отланди.

Сталинград остонасидаги Волга қирғоғида ҳаёт-мамот жанги борарди. Жаладек ўқ ёмғири ёғарди, қулоч-қулоч снарядлар, “ғувуллаб” келиб даҳшат билан портлаб, дов-дарахт-лар ловуллаб ёниб, иморатлар гўгирт қуттисидек қулаб, тупроқ қуюни осмонга кўтарилишига шоҳид бўлган Усмон Самиев ҳайратдан душманга нисбатан нафрати ошди. Ана шундай оғир вазиятда душман истеҳкомини ёриб ўтиш учун кўнгиллилар танлаб олинди. Сафдан биринчи бўлиб самарқандлик жасур жангчи Усмон Самиев олдинга қадам ташлади.

- Ўзбекистонда катта дарёлар йўқ, сузишни билмасанг керак, – деди кимдир, – биз сени қутқариш билан банд бўлиб нобуд бўлмайлик.

– Зарафшон ва Дарғом канали бўйларида босмачиларга қарши курашавериб сузишни ҳам, душманга қирон келтиришни ҳам ўргандим, – дея дадил жавоб берди Усмон Самиев, – бизда “жўжани кузда санайдилар” деган нақл бор. Ким нимага қодир эканлигини вақт кўрсатади.

Унинг қатъий интилиш ва сўзлари командирга илҳом бағишлаб, Усмон Самиевни плацдармни эгаллашга юборилаётган гуруҳга бошлиқ қилиб тайинлади. Гитлерчилар тонг саҳарда дарёдан сузиб ўтаётганда бута ва похол бандларига эътибор беришмади, шекилли. Жасур жангчилар қирғоққа етиши билан отишма бошланди. Тўсатдан гитлерчилар пулемёти тилга кирди. Ҳушёр ва чаққон Усмон Самиев окопга яқин эмаклаб бориб, граната улоқтирди. Душман ер тишлади. Фурсатдан фойдаланган самарқандлик тадбиркор жангчи қўлга туширилган пулемёт билан газандаларни қира кетди. Энди душман танклар билан ҳужумга ўтди. Усмон Самиев сўнгги гранатани қўлига олди ва шартта ўрнидан туриб душман томон юра бошлади. Оёғи ва бошидан яраланган бўлса ҳам, аммо бутун вужуди билан гранатани улоқтиришга улгурди.

Уни ҳамяроқлари окопдан ҳушсиз топиб госпиталга юборишди. “Жасурлиги учун” медали билан тақдирланган Усмон Самиев жонажон қишлоғига бир оёғидан ажралган ҳолда қайтди… 1943 йилнинг куз ойлари эди. Уни район партия комитетига таклиф қилишди. Усмон Самиев қўлтиқтаёқ билан келди.

– Сиз иродали инсон, – деди райком котиби, – хабарингиз бор, вазият оғир, қишлоқда ишга яроқли одам кам. Ёрдамингиз керак.

– Тушунаман, лекин, – Усмон ака оёғига ишора қилди ва кўзларига жиққа ёш келди, – нима қилишим керак?!

– Қишлоқ хўжалигини кўтариш зарур, – тушунтирди котиб, – фронт озиқ-овқат, пахта, мева, кийим-кечакка зор…

Усмон Самиев тумандаги ишчилар колхозига раис қилиб сайланди. Уруш ногирони, серғайрат, тиниб-тинчимас хўжалик раҳбари сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачиликни кўтарди. Вақт ўтиши билан қишлоқларда янги уй жойлар, болалар боғча-яслилари, мактаблар, йўллар қурилди.

Бугунги кунда Усмон Самиев орамизда йўқ. Умрбоқийлик авлодларда намоён бўлади дейишади. Дарвоқе, Усмон Самиев умр йўлдоши Хосият ая билан фарзандларига замонага хос таълим-тарбия берди. Тўнғич ўғли Умарқул Усмонов “қонун ҳимоячиси” деган шарафли касбни эгаллаб, прокуратура соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилди. Генерал унвонигача етди. Қизлари Нисоой, Меҳриой, Равзаой, Хайриойлар ўз умрларини халқ таълимига бағишладилар. Сиддиқжон савдо соҳасида, Мўҳсинжон ишчилар бўлимида фидокорона меҳнат қилишди. Илоҳо уларнинг жойлари жаннатдан бўлсин!

Журналистика соҳасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Россияда ном чиқарган Акбар Усмонов қарилик гаштини сурмоқда. Норчучук Самиева тумандаги марҳум отаси асос солган 16-сон ўрта мактабда турли вазифаларда ишлади. Айни пайтда у ҳам набира-абираларни тарбиялаш билан банддир.

Икки юзга яқин Усмоновлар сулоласи турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Келажакка ишониб яшаган ва унинг порлоқ бўлиши учун жон фидо қилган ҳар бир одамни тошдан уйиб ишлаган ҳайкалга қиёс қилса бўлади, – деган экан бир донишманд, – бизнингча, ўлимдан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолиш учун марҳум Усмон Самиев халқ ва Ватан учун жонини фидо қилган инсонлардан эди. Чунки, инсон жисман ўлса-да, руҳан йўқ бўлмайди, у ўз хулқ-атвори, қилган савоб ишлари билан тириклар онгида яшашда давом этаверади. Бунга Усмон Самиев йўллари ва ибратли фаолияти гувоҳдир. Хожа Аҳрори Валий қишлоғидан Оҳаликгача кўча Усмон Самиев номига қўйилиши унга билдирилган ҳурмат ва эҳтиромдир.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА.

 

 

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:49;   Просмотров: 1845
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку