Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲУШЁРЛИК ТИНЧЛИК КАФОЛАТИДИР

Бугунги глобаллашув жараёнида дунёга диний экстремизм ва терроризм балоси катта хавф солмоқда.

Бу иллат бугун пайдо бўлмаган, бироқ у шу кунда янада даҳшатли кўриниш олди. Жаҳоннинг турли давлатларида юз бераётган ва террорчи гуруҳлар томонидан содир этилётган хунрезликлар буни яққол кўрсатмоқда.

Хўш, бу иллатнинг пайдо бўлганига анча вақт бўлган экан, нега уни илдизи билан суғуриб ташлашнинг иложи бўлмаяпти? Бунинг сабаблари ҳаракат яширинлиги, уларнинг тинч аҳоли орасида жойлашиши ва бундан манфаатдор кучлар, яъни “учинчи томон”нинг мавжудлигидир.

Афсуски, инсоният тарихида диндан бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч сифатида фойдаланиш, дин ниқоби остида қабиҳ ниятли турли экстремистик оқимлар, гуруҳлар фаолият олиб бориши каби мисоллар кўп учрайди. Уларнинг турли дин вакилларига муросасиз муносабатда бўлиши ислом динига ялпи қарама-қаршилик руҳини уйғотишига хизмат қилмоқда. Биз айтиб ўтган “учинчи томон”нинг ҳам аслида мақсади шу.

Бугунги кунда ҳар бир давлат терроризмга қарши курашмоқда. Сабаби, айни вақтда бу иллатдан жабр кўрмаган давлат деярли қолмади. Юртимизда ҳам истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ бу каби иллатларга қарши самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон терроризмга қарши курашда, минтақамиз ва бутун жаҳонда тинчлик ва барқарорликни сақлашда барча давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр тинчликсевар мамлакат сифатида ўзини кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида диний эътиқод эркинлиги кафолатланди. Диний бағрикенглик, инсонпарварлик ғоялари, динга соғлом муносабат миллий мафкурамизда ўз ифодасини топган. Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессияга тегишли 2219 та диний ташкилот, шу жумладан, 2033 та масжид, 9 та мадраса, Тошкент ислом унверститети, Тошкент ислом институти ва Имом ал-Бухорий халқаро маркази фаолият юритаётгани, фуқаролар эмин-эркин диний амалларни бажараётгани, ҳар йили минг-минглаб кишиларнинг Ҳаж зиёратига бораётгани ана шу диний бағрикенгликнинг яққол исботидир.

Ҳар бир инсон бундай тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етмоғи лозим. Бузғунчи ғоялардан йироқ бўлиб шу Ватан тараққиёти учун яшамоғи керак. Шу нуқтаи назардан, халқаро майдонда диний экстремик оқимлар ва уларнинг террорчилик ҳаракатлари ҳар бир юртдошимизни янада огоҳ бўлишга ундайди.

Биз азалдан тинчликсевар халқмиз. Бугунги осойишталик, халқимизнинг фаровон турмуши ҳам бунга яққол мисолдир. Бунинг негизида огоҳлик ва ҳушёрлик ётганини унутмаслик лозим. Ана шундагина бундай фаровон, тинч ва осойишта кунларимиз бардавом бўлади.

Ғ.АБДУСАМАТОВ

 


Дата добавления: 27/01/2017 15:07;   Просмотров: 1614
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку