Қўшни Афғонистон диёридан собиқ чекланган совет қўшинларининг олиб чиқилганлигига 29 йил тўлиши муносабати билан ажойиб тадбир бўлиб ўтди. Унда байналмил жангчилар, афғон урушида шаҳид бўлганларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.
Тадбир иштирокчилари Гулобод қўрғонида жойлашган мотамсаро она ҳайкали ва шаҳидлар хиёбонини зиёрат қилдилар. Туман имом-хатиби ҳожи Баҳодур Шаропов Қуръони каримдан оятлар тиловат қилиб, уни ўтганлар руҳига бағишлади. Шундан сўнг тадбир Биринчи Президентимиз қабри ва Регистондаги ҳайкали пойига ҳам гулчамбарлар қўйишди.
Оқмачид қишлоғидаги «Ситорабону» базмгоҳида бир пиёла чой устида қуролдошлар гурунглашди. Ўзбекистон «Ветеран» жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, истеъфодаги полковник Эҳсон Ҳасанов, туман ҳокимининг ўринбосари Равшан Ражабов, жангчи-фахрийлар Мурод Облоқулов, Ботур Холёров, Ўктам Ахмедов ва бошқалар сўзга чиқиб «афғон»ларни қутлуғ айёмлари билан табриклашди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари дилрабо куй ва қўшиқлари билан барчага шавқу-завқ бағишлашди.
Тадбир сўнгида байналмилал жангчиларга эсдалик совғалари топширилди.
- Бугунги қуролдошлар учрашувидан кўнглим тоғдек кўтарилди, - деди биринчи гуруҳ ногирони Алижон Холиқов, - мен имкониятдан фойдаланиб, ушбу тадбирни ташкил қилган туман ҳокимлиги ва ҳомийларга ўз миннатдорчилигимни бирдираман.
Ушбу гурунгни ташкил қилишда «Пешкупарранда» агрофирма раҳбари Умарқул Ҳамроқуловнинг хизмати катта бўлди. Тадбирда туман ҳокими Шўҳрат Жамолов қатнашди.
Жаъфар Жабборов,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.