Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: «Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Аллоҳ учун холис ҳаж қилиб, нолойиқ сўзларни гапирмаса ҳамда гуноҳ қилмаса, у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади (Имом Бухорий ривояти)». Ҳаж ибодати динимизнинг беш рукнидан бири ҳисобланади. Унинг фарзларига ушбу оят далолат қилади: «… Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…» (Оли Имрон, 97). Банда ҳаж қиларкан, ёлғиз Аллоҳ таоло розилигига эришишни кўзлаши ва Ундан савоб умид қилиши керак. Ҳаж сафарида тижорат, саёҳат ва шунга ўхшаш дунёвий мақсад кўзланса, банда ваъда қилинган мақомларга эришаолмайди. Чунки ким нимани ният қилса, ўшанга етади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам): «Амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир киши ният қилган нарсаси бўлади…», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва саллам): «Биринчи умра иккинчи умрагача бўлган гуноҳларга кафоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жанатдир», деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак ҳаж сафарига Аллоҳ таоло розилигидан ўзга нарсани қасд қилган кимса буюк мукофотдан маҳрум бўлади. «…у ҳаждан (гуноҳлари кечрилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади»- гуноҳлари кечирилган инсон янги туғилган гўдакка ўхшатилмоқда. Гўдак ислом фитратида туғилиб, барча гуноҳлардан маъсум бўлади. Ким тилини фаҳш сўзлардан тийиб, барча гуноҳлардан сақланган ҳолда ҳаж ибодатини бажарса, у гўдак каби маъсум ва гуноҳлардан пок бўлади.
Қурбон ҳайитида қурбонлик- закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: («Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва салам) бундай деганлар: «Бугунги (қурбон ҳайити куни) биринчи қиладиган ишимиз аввал ийд намозини ўқиш, сўнгра уйига қайтиб қурбонлик сўйишдир. Кимда-ким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимда- ким намоздан олдин сўйса, у оиласи учун оддий гўшт тайёрланган яъни қурбонлик қилган эмасдир» (Имом Термизий ривояти)». Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли- У зотни улуғлашларингиз учун- уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37). Ҳақиқаттан , қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: «Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёдабалоларданва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўъминлар менинг умматимдандир»,- деганлар (Имом Абду Довуд ривояти). Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намози адо этилгандан сўнг, охири вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср намози вақти киргунгачадир. Қурбонлик қилувчининг сўйиш жойида ҳозир бўлиши мустаҳабдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳу)га : «Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг маҳфират қилинур»,- дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга- аҳли байтға хосми ёки мусулмонларга умумийми?»- дедилар Фотима (розияллоҳу анҳо). Шунда Сарвари коинот: «Йўқ, мусулмонларга умумий», - деб жавоб бердилар (Ҳоки ривояти). Қурбонликка қўй, эчки, туя, молларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам сўйилиши мумкин: туя 5 ёш, мол 2 ёш, қуй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар олти ойлик қўйнинг жуссаси бир ёшникидек катта бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиздир. Шариатимизда мол ва туяни етти киши қурбонлик учун сўйишига рухсат бор. Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Наби (соллиаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик» (Имом Абду Довуд, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари). 7 киши номидан сўйилган мол ёки туянинг гўшти чамалаб эмас, балки аниқ ўлчаган ҳолда тенг, тақсимланади ва етти киши ҳам қурбонлик сўйишни ният қилган бўлиши лозим. Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган (асл ҳожатидан ортиқча моли кумуш нисобига етган) киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Қурбонликни учга бўлиб, бир қисмини муҳтожларга садақа қилиш, яна бир қисмидан қўни- қўшни, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларни таомлантириш, қолган бир қисмини ўзи ва оиласи учун олиб қўйиш мустаҳабдир. Кўп болали кишилар қурбонлик гўштининг ҳаммасини оиласи учун олиб қолиши ҳам мумкин. Бошқа дин вакилларига ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади. Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Қассобга хизмат ҳақи берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди. Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир.
Одатда, ҳайит куни ҳамма бир-бирини самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг ҳолини сўраб, кўнгилини кўтарамиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган кишилар ҳам муборак байрам кунида бир-бирларига қучоқ очадилар. Ҳайит барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна муҳими, Қурбон ҳайити байрам бўлганлиги учун, уни кўтаринки руҳда, шоду хуррамлик билан ўтказиш керак. Аллоҳ таоло ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилинаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни қабул этсин! Муборак ҳаж сафарига борган барча ҳожиларимиз ҳаж ибодатларини мукаммал адо этиб, юртимизга, фарзандлари бағрига соғ-саломат келишларини насиб қилсин!
Б.Шарипов, туман бош имом - хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.