Қурбон байрами Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Бу кунларда дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири - Ҳаж ибодатини бажармоқдалар. Мино, Арафот водийси, Муздалифа, Маккадаги Масжидул-Ҳарам каби муқаддас жойларда ҳаж амалларини мукаммал адо этиб, гуноҳлардан покланиш билан бирга, мустақил юртимиз ҳамда халқимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуо қилмоқдалар.
Қурбонлик қилиш ибодати Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳазрати Иброҳим бир куни ўғли Исмоилни қурбонлик қилаётганини тушида кўради, бу - илоҳий ваҳий бўлади. Ҳазрати Иброҳим аҳволни ўғлига тушунтиради, ўғли ҳам бунга тайёр, рози эканлигини билдиради. Ҳазрати Иброҳим ўғли Исмоилни қурбонлик қилишга тайёрланаётганида жаноби Ҳақ уларнинг бу самимиятлари ва таслимиятлари сабабли Исмоилнинг ўрнига бир қўй юборади. Ҳазрати Иброҳим Исмоилнинг ўрнига бу қўйни қурбонлик қилади.
Қурбон хайити байрами муносабати билан ўзига тўқ, зарурий эҳтиёжларидан қиймати кумуш нисоби миқдорига етадиган ошиқча мулкга эга бўлган ҳар бир мусулмонга қурбонлик сўйиш вожиб ибодатлардан ҳисобланади.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар қўй, эчки, қорамол, туялар ҳисобланади. Қўй ва эчки бир ёшга, қорамол икки ёшга, туя беш ёшга тўлган бўлиши шарт.
Қўй билан эчки бир киши учун, қорамол ва туя бир кишидан етти кишигача қурбонликка сўйилади. Етти киши шерик бўлиб сўйилган қурбонлик гўшти еттига бўлиниши лозим. Акс ҳолда қурбонлиги ҳисобга ўтмайди. Ҳар бир одам ўзи сўйган қурбонлигининг гўштини учга тақсимлаб, бир қисмини хонадонига қолдириб, бир қисмини зиёфат қилиб қўни-қўшни, дўсту ёрларини чақирса, бир қисмини бева-бечороларга тарқатса, савоб бўлади.
Қурбон ҳайити улуғ байрамдир. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кун. Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун ҳам, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи хайрлар, Қуръон тиловат қилиш яхши амал ҳисобланади, лекин булар бу куннинг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири - инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдир. Ҳар бир инсонни, у танишми ёки бегона бўлсин,ҳайит билан қутлайлик, уларни кўнглини олишга ҳаракат қилайлик. Намоздан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этайлик, ҳадялар улашайлик ва албатта, аҳли аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийлайлик.
Шифохоналарда, хонадонларда бемор ётганларни йўқлаб, тезроқ соғайишларини тилаб дуолар қилишимиз ҳам фазилатли амаллардандир. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудуратли бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар. Атрофимиздаги муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзамиз. Аразлашиб қолган яқинларимизнинг ораларини ислоҳ қилиб яраштириш каби ишлар биз, мусулмонлар бажариши зарур бўлган энг савобли ва хайрли ишлардандир.
Хожи Қамар МУАЗЗАМОВ тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.