Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУРБОН ҲАЙИТИ ФАЗИЛАТИ – ИСТИҚЛОЛИМИЗ НЕЪМАТИ

Муҳаммад Мустафо (САВ) исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар. Аллоҳ-таолоҳ жоҳилият даврида нишонланадиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган «Рамазон» ва «Қурбон» байрамини ҳадя қилди. Буюк Ўзбекистонимиз, пурфайз диёримиз халқу жамиятимизнинг тинч-осуда ҳаёт кечираётганининг шарофати туфайли сизу бизга равшан бўлмоқдаки, ислом дунёсида шаклланган ҳақиқат ва маърифат дунёвий маданият ва тараққиётнинг ажралмас қисмидир.

Пайғамбаримиз (САВ) эзгулик ва олижаноблик кучини ўз шахсий ҳаётлари орқали кўрсатиб беришга интилгани, барча мўмин-мумина, муслиму муслималарни ер юзига яхшилик уруғини сочишга чақирганликлари, албатта, у кишининг қудратли эътиқоди, пок иймони, хайрли ишларига қоимлиги барча мусулмонларга ибратдир. Бунинг боиси ила қўшалоқ байрамлар биринчи сентябрь – муборак ҳафтанинг жума кунига қурбон ҳайити тўғри келганлиги ҳамда истиқлолимизнинг 26 йиллигини кенг нишонладик.
Анас ибн Молик (р.а.) ривоят қилган бир ҳадиси муборакда "Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа биродари учун ҳам яхши кўрмагунча, комил мўмин бўлолмайди" деганлар.
Маълумки, қурбон ҳайити байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Бу муборак кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз мусулмонлар, гуноҳ ва хатоларимизга тавба ва тазарруълар қилишимиз лозим, Мустақиллик берган бундай дориламон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Парвардигоримизга доимо шукроналар айтишимиз лозим. Зеро неъматга шукр қилиш унинг бардавомлиги ва баракотига сабаб бўлади.
Бу муқаддас ойда ҳожиларимиз ҳаж зиёратига борадилар. Ҳаж исломнинг бешинчи рукнидир. Шунинг учун ҳам юқорида зикр қилганларни бажарган кишиларгина ҳаж қилмоқликлари ўринли ҳисобланади. Аввалги тўрт поғонани босиб ўтмасдан бирданига бешинчи поғонага ўтиб бўлмайдиганидек, аввалги амалларни бажармасдан ҳаж қилиш билан кишининг муроди ҳосил бўлиб қолмайди. Диёримизнинг барча гўшаю каноридан бу йил ҳар йилдагидан зиёда етти мингтадан зиёратчиларимиз ҳаж сафарига йўл олдилар, охир бу ҳам мустақиллигимизнинг бизу сизларга берган буюк неъматидир. Шу кунларда барча дунё мусулмонлари Исломнинг ана шу улуғ байрамларидан бири Қурбон ҳайитини катта шукуҳ билан нишонламоқда. Ҳайит кунларида Аллоҳга энг яхши иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш мусулмонларга хос бўлган вожиб амаллардандир. Қурбонлик сўйиш ҳақида Қуръони Каримда ҳаж сурасининг 36-37 ояти карималарида бундай марҳамат қилинган: "(Курбонлик қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) саф тортган ҳолларида Аллоҳнинг номини зикр қилингиз! Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (жонлари чиққанида) улардан ўзингиз ҳам еяверинглар. Тиланчига ва сурамай турган муҳтожга ҳам едирингиз! Шукр қилишингиз учун Биз уларни (чорва молларини) сизларга бўйсундириб қўйдик. Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин, у зотга сизлардан тақво етар" деган.
Бу муборак кунлар кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни, қўни-қўшничиликни кучайтириш кунларидир. Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифалардан бири, инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдир. Ўтганларимизни тиловати Қуръон билан ёд этишлик, бева бечора, беморларни бориб ҳолидан хабар олсак мақсадга мувофиқдир. Жаннатмакон диёримиз ўз истиқлолига эришгач юртимизда жуда кўп соҳаларда ижобий ишлар амалга оширилди. Бу қилинадиган ишларимизга доимо ҳар биримиз инсофли, диёнатли бўлишимиз лозим. Бу муборак Қурбон ҳайити ва истиқлолимиз байрами билан барча ватандошларимизни чин қалбимиздан муборакбод этамиз. Гўзал ва бетакрор жонажон диёримизга ҳеч қачон кўз тегмасин.

Бахтиёр НАСРУЛЛОЕВ,
Равонак маҳалласидаги "Янги масжид" жомеъ масжиди имом ноиби


Дата добавления: 08/09/2017 10:55;   Просмотров: 1269
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку