Яқинда ҳаётимда яна бир унутилмас воқеа юз берди. Севимли газетам - «Гулобод тонги» таҳририяти томонидан туманимиз ёш истеъдодли ижодкорлар сафидан жой олиб, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида "Ҳоким ва ёшлар" тадбирида иштирок этдим.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов истеъдодли, интилувчан, тадбиркор, ташаббускор ёшлар билан суҳбатлашди. Учрашув доирасида ташкил этилган ёш архитектор, дизайнер, ҳунарманд, фермерлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар, ижодкор ва спортчилар эришган ютуқлари акс эттирилган кўргазмалар билан танишди.
Сўнг ташаббускор ёшлар билан очиқ мулоқотга киришиб, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган масалаларни ўрганди, ёшларнинг мурожаатларини тинглади.
- Бу каби тадбирларни хўжакўрсинга ёки кўзбўямачилик билан ўтказиб бўлмайди, - деди Э.Турдимов. – Кузатдим, кўргазмаларда ҳам, мулоқотлар жараёнида ҳам бир хиллик – таниш чеҳралар. Энди кўпроқ чекка туман ва қишлоқлардаги истеъдодли ёшларнинг муаммоларини эшитиш, ҳал қилиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, эзгу ғоя, амалий фаолиятда уларнинг бошини бириктиришга эътибор бериш зарур.
Ёшларнинг ғоялари, ишланмаларини тарғиб қилиш, рағбатлантириш, керак бўлса, амалиётга татбиқ этиш учун вилоят ҳокимлигида "Инновацион марказ" ташкил этамиз.
Учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, берилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланишга доир тушунча ва таклифлар билдирилди. Мен ҳам ўз савол ва таклифларим билан музокарада қатнашдим.
Мулоқотлар, айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали ёшлардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига вазифалар топширилди.
Ҳокимнинг биз ёшлар билан учрашуви мен ва мен сингари тенгдошларимни янада ташаббускор ва интилувчан бўлишга ундади.
Фарзона ҲАМИДОВА, Самарқанд педагогика коллежи талабаси,
Гулбоғ маҳалласи
Алишер ИСРОИЛОВ олган сурат
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.