17 август куни Тошкент шаҳридаги муҳташам Анжуманлар саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида бўлиб ўтган «Дўстлик оқшоми» номли концерт бир умр ёдимдан чиқмаса керак. Чунки ҳақиқий байрам намойишига айланган ушбу мусиқий дастурни залда ўтириб томоша қилиш фақат ҳузурли эмас, ҳаяжонли ҳам. Ахир Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартномани имзолаган икки давлат раҳбарлари иштирок этаётган тадбирда қатнашишнинг ўзи кишига қанчалар завқ бағишлаганини сўз билан ифода этиш қийин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатимизнинг ташқи сиёсатида энг аввало қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқда.
Жорий йилнинг 9 мартида Юртбошимиз 18 йил давомида илк бор давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлди. Унда визаларни бекор қилиш, авиаташувларнинг тикланиши ҳамда чегараларнинг алоҳида участкалари бўйича келишувларга эришилди. Бу ташриф ўзбек ва тожик халқларини беҳад қувонтирганига барчамиз гувоҳ бўлдик, албатта. Ахир бу икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Бежизга уларни "икки тилда гаплашувчи бир халқ", дейишмайди. Бироқ узоқ вақт давомида Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолиси бир-биридан айри ҳолда яшади. Бундан, албатта, оддий халқ, оддий инсонлар азият чекдилар. Шу вақт давомида чегаранинг ҳар икки томонида кўплаб оилалар, қариндош-уруғлар бир-бирларидан хабар ололмадилар, борди-келди алоқалари деярли узилди. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда талайгина муаммолар тўпланиб қолди.
Ўтган қисқа давр – бир ярим йил ичида ўзбек- тожик муносабатларини мустаҳкамлаш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзаро муносабатларда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасидаги гина-кудуратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди.
Ўзбекистонда яшаётган тожиклар барча соҳаларда баракали меҳнат қилиб, эл-юртимизнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлмоқдалар. Мустақиллик йилларида 700 нафардан зиёд тожик миллатига мансуб юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.
Юртимизда тожик тилида 240 га яқин мактаб фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд, Термиз ва Фарғона давлат университетларида тожик тили таълими йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.
"Овози тожик" республика газетаси, "Овози Самарқанд" вилоят газетаси", "Садои Сўх" туман газетаси тожик тилида нашр этилади.
Мен раҳбарлик қилаётган "Келажак пресс" корхонаси таъсислигида чоп этилаётган 4 та газетанинг биттаси – "Булбулча доно"ни ҳам тожик тилида нашр этишдан мақсад, тожик ва ўзбек халқлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
«Дўстлик оқшоми» номли концерт дастури бошланишидан олдин Давлатимиз раҳбари жаҳон адабиётининг беназир сиймоларидан бири, ўлмас сўз санъаткори, бузруквор шахс, қомусий аллома, шоир ва мутафаккир мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ижод боғидан дасталанган "Муҳаббат маҳзани" номли китоб ҳақида самимий дил сўзларини баён этди.
Анжуманлар саройида бўлганимга бир ҳафтадан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳамон "Дўстлик оқшоми" кўнглимга бахш этган ёқимли ҳиссиётлар билан яшаётгандекман. Икки халқ санъат усталарининг концерт дастури тобора мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги, халқларимиз дўстлигини яна бир бор ифода этди. Икки давлат Президентларининг бу эзгу ташаббуси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Бизнинг вазифамиз эса, қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш деб ўйлайман. Чунки, яхши қўшничилик тинчлик ва тараққиётнинг муҳим омилидир.
Акбар МАҲМУДОВ,
туман Кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.