Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲУНАРМАНДЛИК-БЕБАҲО БОЙЛИК

Ёшларни касбга йўналтириш ва улардан яхши мутахассислар етиштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада юртимизда кенг миқёсда амалий ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежимизда ҳам асосий касб-ҳунарлардан ташқари кўплаб тўгараклар ташкил этилган ва уларда шуғулланаётган ўқувчиларимиз қисқа муддатда амалий кўникмалар ҳосил қилишаётир. Уларнинг иқтидорларини тўғри баҳолаб, ривожлантириб боришда заҳматкаш ўқитувчилар ва тўгарак раҳбарларининг хизмати каттадир.

Коллежимизда қизлар учун мўлжалланган «Машҳура» тўгараги очилган бўлиб, унда ўқитувчиларимиз Замира Джумаева, Вазира Мардоновалар ўқувчи қизларимизга тикувчилик соҳасидаги ўз билимларини ўргатиб келишмоқда. Ўғил болалар учун ташкил этилган «Ёш техник» тўгарагида ўқитувчимиз Абдунаби Ахмедов уй-рўзғорда ишлатиладиган маиший-техника асбоб-ускуналарини тузатиш бўйича амалий кўникмалар бериб келмоқда. Коллежимизда спорт ва соғломлаштириш соҳаси ҳам эътибордан четда бўлмай ногирон ва имкониятлари чекланган ёшлар билан ишлаш бироз мушкул бўлишига қарамасдан Азиз Насимов, Ғайрат Тожибоев, Шерзод Ҳайдаров сингари ўқитувчиларимиз махсус дастур асосида режа билан меҳнат қилмоқда. Шунингдек, қизларимиз тўқиш, бисердан ҳар хил нарсалар ясаш тўгаракларига ҳам жалб қилинган.
Ёшларимиз дунёвий билимлардан хабардор бўлишлари учун информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Юсуф Муфтуллаев компьютер сабоқлари бўйича «Компьютер олами» тўгараги орқали ўқувчиларимизга ўз билим ва кўникмаларини сингдиришмоқда. Имконияти чекланган кишилар ҳар бир мамлакатда, ҳар бир миллатда учрайди. Уларнинг кўпи бор имкониятидан фойдаланиб жамиятга фойда келтириш ва унинг ажралмас бир бўлагига айланишга эришади. Турли тўгарак машғулотлари орқали ўқувчиларимиз ўз билим ва кўникмаларини ошириб келмоқда. Улар тушликдан кейин шу тўгаракларга қатнашиб, бўш вақтларини унумли ўтказишаётир.

Гулнора НОРБОЕВА,
коллеж ўқитувчиси


Последнее редактирование: 18/05/2018 15:22;   Просмотров: 1786
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку