Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила тадбиркор» Дастурини амалга ошириш тўғрисида»-ги қарори айни вақтида қабул қилинган ҳужжат бўлиб, ҳозирги кунда шу асосда қатор ибратли ишлар амалга оширилаяпти. «Қишлоқ ва маҳаллалар»-нинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш тизимини-кластерлар ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилади: Қарордаги ушбу сўзлар «Гулобод» маҳалласида яшовчи Исматилло Аҳрорқулов оиласи аъзоларини руҳлантириб юборди.
Исматилло ака ўқимишли, иш кўзини биладиган инсонлардан бўлгани учун болаларини кичиклигидан касб-ҳунар ўрганиш руҳида тарбиялади. Шунинг учун ўғиллари Наврўз ва Фирўзлар темирчилик касбига қизиқиб, бу соҳани яхши ўзлаштириб олишди. Дастлаб ота ҳовлисида темирлардан турли-туман панжаралар ясай бошлашди. Тайёрлаётган панжаралар бежирим ва сифатлилиги билан аҳолига маъқул бўла бошлади. Натижада харидорлар ҳам кўпайиб кетди. Исматилло ака қараса фарзандларининг ишлари юришиб, тадбиркорлик фаолияти ривожланиб бораяпти. Аммо, ҳовлида бундай иш билан шуғулланишга шароит йўқ. Кейин «Мўлиён» маҳалласи фаоллари, катта тадбиркорлар билан маслаҳатлашб жой танлашди ва бу ерда темирчилик устахонаси ташкил этилди. Шу билан ёш тадбиркорнинг ишлари юришиб кетди. Улар энди нафақат панжаралар, ҳатто дарвозалар, печкалар, каравотчалар ясай бошлашди. Тунука ва темирдан бежирим ясаган гуллар, ҳайвонлар, хуллас бадиий санъат асарлари кўзларни қувнатади.
Ҳа, ака-ука ёш ҳунармандларнинг ишларидан ҳамма хурсанд. Улар «Гулобод», «Мўлиён» маҳаллалари аҳолисига ҳар хил эшик, дарвозалар, панжаралар ясаб беришдан ташқари ободончилик ишларида ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Яқинда «Гулобод» маҳалласи қабристонига дарвоза, панжаралар ясаб, ўрнатиб ҳам беришди. Хуллас, ҳар ишда намуна бўлаётган Наврўз ва Фирўз каби ёш тадбиркорлар хизматидан аҳоли мамнун.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.