Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Умринг узоҚ бЎлсин, Умеджон!

Бугунги кунда халқ ташвиши билан яшаш инсонийликнинг энг олий мезонларидан биридир. Халқ қабулхоналари айнан мана шу асосда ишни ташкил қилиб ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Аҳолига қийинчилик туғдираётган, ўз ечимини узоқ вақтдан буён кутиб келаётган кўплаб масалалар ижроси Халқ қабулхоналари қатъий назоратга олганидан сўнг қисқа фурсатларда бартараф этилмоқда. Муаммоларни аниқлаш ва ечимини топиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, савобли ишлар ижобати туфайли халқ розилиги олинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси томонидан олиб борилаётган ишларда ана шундай эзгу амаллардан бири рўёбга оширилиб, энг олий неъмат, яъни бир эҳтиёжманд инсоннинг саломатлигини тиклаш борасида имкон яратиб берилди. Туманнинг Қўштамғали маҳалласида яшовчи 8 ёшли Умеджон Абдуллаев туғилганидан буён юрак хасталигидан азоб чекиб келарди. Албатта, ота-онаси Умеджонни бор имкониятлари даражасида даволатиб, дардига шифо топишга ҳаракат қилиб келишган. Лекин, бола буткул соғайиши учун мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва уни амалга оширишга маълум миқдорда тўловнинг мавжудлиги беморнинг яқинларини тушкун аҳволга солиб қўйганди. Халқ қабулхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлардан хабар топган муштипар ота-она ўғли Умеджонга нажот истаб, катта умидлар билан ана шу манзилга мурожаат қилишди ва тегишли ёрдам кўрсатилиши уларни кўп куттирмади. Бемор болага юрак жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун туман ҳокимлиги томонидан 14. 000.000 сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида операция қилинган Умеджон соғайиб, оёққа туриб кетиши учун тегишли муолажаларни олди ва аҳволини назоратда тутиш учун унга соҳа вакиллари жалб этилди. Ҳозирги кунда У.Абдуллаевнинг саломатлиги яхши, дарс машғулотларини ўз хонадонида олиши учун махсус ўқитувчи бириктирилиб, таълим жараёни ҳам йўлга қўйилган. Ёш фарзандининг соғлиги тикланганидан хурсанд бўлган ота-она Президентимизнинг аҳолининг кам таьминланган қатламига бераётган эьтибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдиришди.
Ҳа, давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига қўйилган талаблар бажарилишини туман Халқ қабулхонаси фаолиятида ҳам кўриш мумкин ва бошқа соҳалар бўйича ҳам фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёнида бу талаблар янгича ёндашув учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Интизор Толибова,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси


Последнее редактирование: 29/01/2020 16:47;   Просмотров: 763
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку