Ёмон ҳам ўтар, яхши ҳам - яхши бил,
Сени яхши ном бирла ёд этсин эл.
Шайх СаЪДИЙ
Мирҳоди Аюбов. Бу ном фақатгина туман шифокорларига эмас, ҳатто вилоят соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилганларга ҳам яхши таниш. Чунки, у бутун умрини ҳазрати Инсон сиҳат-саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатРаҳматли М. Аюбов 1930 йилнинг 10 декабрида ҳунарманд оиласида туғилиб вояга етди. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Меҳрибон устозларидан табобат сир-асрорларини ўрганди. 1955 йил институт дипломи билан туманимизга келиб, меҳнат фаолиятини сўлим ва хушманзара Оҳалик қишлоғидаги Сил касалликларини даволаш шифохонасида бошлади. Тиришқоқлиги, ҳалоллиги, камтарлиги ва бошқа хил инсоний фазилатлари билан аҳил жамоа ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди. «Интилганга толе ёр» деганларидек, туман тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси, давлат санитария-эпидемиология станцияси бош врачи ва шундан сўнг умрининг охиригача марказий шифохона бош ҳакими лавозимида меҳнат қилди. Бевосита унинг ташаббуси ва раҳбарлигида қатор-қатор бинолар қурилиб, марказий шифохонанинг кўркига-кўрк, чиройига-чирой қўшилди. Энг муҳими, ўнлаб шогирдларини Ватан ва халқимизга садоқат руҳида тарбиялади. Аммо минг афсуски, бедаво дарддан 1990 йил 27 январь куни вафот этди. Уни минглаб ҳамкасблари, шогирдлари, туман аҳолиси Хўжа Аҳрори Валий қабристонига дафн этишди.
«Инсон жисман ўлса-да, руҳан йўқ бўлмайди, у ўз хулқ-атвори, халқига қилган савоб ишлари билан жамоат орасида сингиб кетади, - деган экан бир донишманд, - умрбоқийлик, шубҳасиз, ўлимдан кейин ҳам одамлар қалбида барҳаёт бўлиб қолишдир».
Туман бирлашган касалхонасида ажойиб инсон, моҳир раҳбар, шифокорлар устози, падари бузургвор Мирҳоди Аюбов хотирасига бағишланган тадбирда Хожа Абду Берун жомеъ масжиди имом-хатиби Ҳожи Лутфиллоҳ Ибодуллоев, шифокорлар Абдуҳафиз Обидов, Мавжуда Ашурова, Зоҳир Жумаев, Замира Маъмурова, М.Восеева кадрлар бўлими мудираси Матлуба Раҳмонова, қишлоқдоши, «Овози тожик» газетасининг вилоятимиз бўйича мухбири Зоҳир Ҳасанзода ва бошқалар сўзга чиқиб, марҳум ҳақидаги хотираларини гапириб бердилар.
- Мен тақдир таққозоси билан 15 йилдан буён раҳматли Мирҳоди Аюбов ишларини давом эттираяпман, - деди туман бирлашган шифохонаси бош ҳакими Фурқат Валиев, - талабалик даврларимда амакбобомдан Мирходи Аюбов ҳақида эшитиб, кейинчалик шахсан таниш бўлган эдим. Ҳақиқатан ҳам у киши оддий, камтар, мард ва самимий тиниб-тинчимас раҳбар сифатида ўзидан порлоқ хотира қолдирди. Ҳар қандай одамга унинг қилган ишларига қараб баҳо беришади. Чунки ҳайкални кўриниши, одамни эса эзгу ишлари безайди. Табаррук устозимиз туманда соғлиқни сақлаш соҳасини юқори поғонага кўтариш учун жонкуярлик қилди. Шунинг учун ҳам унинг порлоқ хотираси абадий қолади.
Баҳодир ЗОҲИР
Суратларда: тадбирдан лавҳа
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.