Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УМР МАЗМУНИ

Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Шундай экан, мазмунли яшашга, бирон арзирли из қолдиришга ҳаракат қилиш керак. Шунда сен одамлар орасида обрў-эътиборга эга бўласан...

Ўзининг 70-баҳорини қаршилаётган Юнус Мухторов шу ўгитни тез-тез такрорлайди. Юнус ота ўз умридан беҳад мамнун. Зеро, у ҳаётда ўзига хос ёрқин из қолдиряпти. Унинг гоҳо равон, гоҳ машаққатли турмуш йўли кўпларга ибратлидир.
1947 йил. Қирқ кунлик гўдак Юнус ҳаётда атак-чечак айтишга, она сутига тўйишга улгурмай, волидасидан жудо бўлди. Эндигина 23 ёшга қадам қўйган онаси Тўра Мухторова ҳаётдан бевақт кетди. Ўшанда опалари Муқаддамой 4 ёшда, Маҳбубаой эса 2 ёшда... Отаси Аҳтам Мухторов ҳаётнинг бу зарбаси олдида нима қилишини билмай карахт. Лекин, ҳаётда яхши инсонлар борлиги, унга қанот бўлди. “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу” деганларидек, яхши кунлар ҳам уларга насиб қилди. Аҳтам ота фарзандларига ҳам ота, ҳам она бўлди. Далада кетмон чопиб, овқат пиширар, уларнинг кийим-кечакларини ювар. Ҳа, бу кунлар ҳам ортда қолди. Кунлар бир-бирини қувлаб, йиллар ўтди. Она меҳрига тўймаган болалар улғайишди, ўқишди.
1964 йил Юнус Сочакдаги 26-ўрта мактабнинг 11-синфини тугатиб, туман санитария-эпидемиология станциясида дезинфектор бўлиб ишлай бошлади. 1966 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ветеринария факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни тугатиб, икки йил Ўзбекистон ветеринария илмий текшириш институтига ветврач бўлди. Бу орада ҳарбий хизматда йигитлик бурчини ўтади. Аскарликдан сўнг яна у 1980 йилга қадар институтда фаолият кўрсатди. Юнус Мухторов туман ветеринария лабораториясини бошқарди. Ўн йил туман ва вилоят партия қўмиталарида ташкилий ҳамда қишлоқ хўжалик бўлимларида ишлаб, аграр соҳа ва чорвачиликни ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшди.
Туман раҳбарлари 1991 йилда Юнус Мухторовни “Cоҳибкор” жамоа хўжалиги бошқаруви раислигига тавсия этишди. У янги вазифада ишни хўжалик қишлоқларини газлаштиришдан бошлади. Дўлта, Эскижума, 1-май, Сочак сингари ўнлаб қишлоқлар аҳолиси бирин-кетин “зангори олов”дан баҳраманд бўлди. Бундан ташқари, хўжалик ҳисобидан, яъни деҳқонлар меҳнати эвазига келган даромаддан Сочак қишлоғида 420 ўринли 2 қаватли мактаб, Эскижума қишлоғида поликлиника, Хитоюз қишлоғида эса қишлоқ врачлик участкаси қурилиб, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминланди.
— “Соҳибкор” хўжалигининг шуҳрати, довруғини ҳамма яхши билади. Ишга келган кунимнинг илк дамларидан бошлаб, унинг эски шуҳратини тиклашга жазм қилдим. Уста соҳибкор, боғбон, деҳқон ва тадбиркорлар билан суҳбатлашдим. Ахир бир пайтлари уста деҳқон ва соҳибкорлардан 7 нафари Меҳнат Қаҳрамони бўлишган. Бизнинг ҳудудимиз ўзига хос иқлимга эга, тупроғи сахий. Оқ кишмиш нави ҳатто республикамизнинг ҳеч қайси жойида бу ердагидек ширин бўлмайди. Узум етиштириш маррасини эгаллаш бошқа, лекин кўп ва сифатли майиз тайёрлаш бошқа. Бу дегани қўшимча даромад, маъмурчилик, фаровонлик, тўкин-сочинлик демакдир. Шу-нингдек, ойнавандли 6 гектарлик иссиқхонадан ҳар йили 200 ўрнига 260-280 тонна лимон етиштириб, аҳоли дастурхонига тортиқ қилдик. Уруғчиликка катта эътибор бериб, йилига 20-30 гектар майдонга сабзавот, полиз экинларидан сара ва сифатли уруғ етиштирдик. Хўжалик сут-товар фермасида сут ва гўшт етиштиришда йил сайин янги ютуқлар қўлга киритилди. Ҳосилдорлик кўпайгач, даромадимиз ҳам ошди, — дейди Ю.Мухторов.
1998-2000 йиллар давомида у Самарқанд туманидаги “Барака” ижара хўжалигини бошқарди. Хўжаликда аграр соҳа қолоқлик гирдобига тушиб қолган бўлиб, чорвачилик, ғаллачилик ва ем-хашак етиштириш ярим-ёрти бажарилиб, хўжалик хазинасида бир мирриси ҳам йўқ эди. Юнус Мухторов Тайлоқ ва Самарқанд туманларидан уста деҳқонлар ва миришкор сабзавоткорларни олиб келиб, баракаликларга помидор, карам, булғор қалампири етиштириш сирларини ўргатди. Сабзавотчилик ривожланиб, айниқса помидор экинларидан мўл ҳосил етиштирилди. Пулпа цехлари қурилиб, помидорнинг соки Самарқанд шаҳридаги консерва заводига жўнатила бошланди. Чорва моллар туёғи кўпайтирилди. Ғаллачиликда ҳам бир-биридан яхши ютуқлар қўлга киритилди. Бу соҳаларда бирин-кетин мўл ҳосил олина бошлагач, даромад ҳам ошди.
— Одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга эътибор қаратдим, 5 километр газ тортилди. Ички йўлларга тош ётқизилиб, асфальт қилинди. Дала шийпони таъмирланиб, хўжалик идорасига айлантирилди, — дейди Ю.Мухторов.
Юнус Мухторовнинг 2000 йилдан кейинги ҳаёти бевосита сув билан боғланди, десак хато қилмаймиз. Дастлаб у туман қишлоқ ва сув хўжалигига қарашли Янгиариқ канали бошлиғи, 2004-2015 йиллар давомида туман сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари бўлди.
Бутун дунёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш долзарб масала ҳисобланади. Республикамиз об-ҳаёт сув ресурслари кам бўлган ҳудудда жойлашган. Шу боис бизда сувнинг ҳар томчиси зарга қиёс қилинади.
— Сув бор жойда ҳаёт бор. Сувдан оқилона фойдаланиш, жиловлаш, уни тўғри тақсимлаш биз мироблардан катта маҳорат ва масъулият талаб қилади. Туманимиз ерлари асосан “Зарафшон” дарёси сувидан баҳраманд бўлади. “Қорадарё”, Янги Ургут, Шавдор, Қорасув каналларидан суғорилади. Уюшмамиз фақат фермер ва аҳолига сувни тақсимлаш билан чегараланиб қолгани йўқ. Биз гидропостлар қуриш, ариқ ва зовурларни тозалаш, қазиш ва таъмирлаш ишларини ҳам амалга оширардик. 50 километр узунликдаги бетон, 500 километр масофадаги ички ариқлар ва 60 дан ортиқ гидропостларни мавсум давомида назорат қилиб борамиз. Ҳар йили туманимизда 3 минг 600 гектардан зиёд ерга ғалла уруғи қадалиб, уни бир текис ундириб олиш учун миробларимиз кеча-кундуз фермерларни об-ҳаёт билан таъминлашга алоҳида эътибор берардилар, — дейди Ю.Мухторов.
Ҳаёт инсонга қувонч ва шодликларни ҳар доим ҳам қўш-қўллаб тутавермайди экан. Юнус Мухторов 70 йиллик умри давомида ҳаётнинг ташвиш ва зарбаларига ҳам дуч келди. 2001 йилнинг 20 февралида ҳовлисида ёнғин чиқиб, йиллаб қурган уй-жойлар, йиллаб йиққан кўрпа-тўшак, кийим-бошлар бир лаҳзада куйиб кул бўлди. Ҳаётнинг бу зарбаси олдида довдираб, қийналиб қолганда яхшилар унга ёрдам қўлларини чўздилар. Ўктам Саидмуродов, Шароф Отамуродов, Ҳотам Раҳмонқулов, Мусохон Тўраев ҳамда раҳматли Жамшид Ашуров, Қаҳҳор Мусоевлар биринчилардан бўлиб Юнус ака ва унинг оила аъзоларининг ўксик дилларига илиқлик олиб келдилар.
— Ҳеч ким менинг аҳволимга тушмасин. Мен ўз ҳолимни ҳеч кимга, ҳатто душманларимга ҳам раво кўрмайман. Лекин бир кунга, бир лаҳзада ўзларингизни менинг ўрнимда ҳис қилиб кўринг. Балки ўшанда ўзингизни ҳаётингиз, бахтингизнинг қадрига етарсиз. 2002 йил ҳаётнинг яна бир зарбасига учрадим. Ишга “Жигули” енгил автомашинамда бораётган пайтимда катта юк автомашинаси ёнимга келиб урилди. Кўзимни очсам, шифохонада ётибман. Оёғим синган, аъзои баданим шикастланган. Бир йил давомида осмонга қараб ётдим. Ҳаёт жуда ширин, жуда тотли. Бу гапни бир йил давомида каравотдан гавдасини кўтаролмай ётган одам айтса, ишонаверинг. Дарё, канал, ариқ ёқалаб, сув оқиши дала-даштлар, боғ-роғлар яшнашини кўролмасанг, ана ўшанда ҳаётнинг нақадар ширин эканлигини бутун вужудинг билан ҳис қиласан, киши. Ҳаётдан умидим катта эди, шифокорларнинг ёрдами билан оёққа туриб кетдим, — дейди қаҳрамонимиз Юнус Мухторов.
Гўзал Самарқандимизнинг Мирсаид Барака номли маҳалласида бўлсангиз, одамларнинг дил сўзларини эшитиб қоласиз:
Юнус ота оқкўнгил, меҳридарё, сувдай шошқин ва тошқин, 70-баҳорини қарши олаётган бўлса ҳам ёшлардек ғайрати юрагига сиғмайди.
Оиласи иноқ. Умр йўлдоши Сожида Насриддинова олий маълумотли шифокор. Кўп йиллар Самарқанд шаҳридаги собиқ Темир йўл туманида соғлиқни сақлаш бўлим бошлиғи, поликлиника шифокори бўлиб ишлади. Сожида она ҳам ўзларининг қутлуғ етмишинчи ёшларини қарши олмоқдалар. Пиру бадавлат ота ва онахоннинг фарзандлари қобил, лобар ва заҳматкаш. Назираой, Наргизаойлар ҳаётда ўз ўрниларини топишган. Олий маълумотли тиббиёт ходимлари. Куёвлари Жамол тадбиркор, Жасур эса шифокор.
Юнус ота ва Сожида оналарнинг бир-биридан ширин, меҳнатсевар, гўзал, илмга чанқоқ неваралари бор. Моҳинисо Москва молия университети талабаси. Замина эса Москва юридик коллежида таҳсил олмоқда. Руҳшона, Шаҳноза, Ҳаётжонлар Тошкент шаҳридаги 135-мактаб ўқувчилари бўлса, Аделина боғчада тарбияланаётир. Комила Самарқанд шаҳридаги 37-мактабнинг 8-синф ўқувчиси. Уларнинг ҳар бирининг нияти боболарию оналаридек ўқимишли бўлиб, мустақил юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.
— Ҳаёт бу мислсиз бир мўъжиза. Ундан сиз, биз, фарзандларимиз, ҳаммамиз баҳраманд бўлмоғимиз керак. Шукр, ёнимда фарзандларим бор, иқболим шулар, — дейди Юнус Мухторов.
Холиқ ҲАКИМОВ
Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 17/02/2017 11:30;   Просмотров: 1642
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку