Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УЛУҒ ЗОТЛАРГА ЭҲТИРОМ

Аёлни, оилани, фарзандни эъзозлаш келажакка эътибор демакдир. Аёлнинг меҳнати, машаққати сабаб хонадонларимиз янада кўркамлашади. Болалар бахтли камолга етади. Нуроний онахонларимизнинг ўгитлари фарзандларга қувват, набираларга ибратдир. Шу боис бу гал хотин-қизлар байрами муносабати билан туман ҳокими Шуҳрат Жамолов улуғ ёшга етган туманимизнинг нуроний онахонлари хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутлади.

Хуррамой Жамолова Хожа Аҳрор Валий қишлоғидаги энг кекса фуқаро бўлиб, айни пайтда 95 ёшни қаршиламоқда. Онахон умрини қишлоқ хўжалигига бағишлади. Хонадонига ҳоким келишини кутмаган онахоннинг қувончи чексиз бўлди. Ш. Жамолов онахон билан дилдан суҳбатлашди. Доруломон кунларнинг қадр-қиммати, ёши улуғ, пиру- бадавлатларимизнинг жамиятда тутган ўрнини алоҳида эътироф этиб, онахонга байрам совғаси топширди.
Шунингдек, туман ҳокими Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи Ҳалима Ҳамдамова, Навобод қишлоғида истиқомат қилувчи Меликой Пўлодова, қамчинонлик Муяссара Жўраева ва бошқа онахонларни ҳам байрам билан табриклаб, совғалар улашди.
- Бундай эҳтиромдан очиғи кўнглим тоғдек кўтарилди, ёшимга ёш қўшилди, - деди Хожа Аҳрор Валий маҳалласида яшовчи онахон Ҳақиқат Мирсаидова. - Мен учун бундай эътибор ҳаётимда илк бор бўлаётганидан жуда ҳам мамнунман. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадр-қиммати тобора юксалаётгани, эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортаётганидан деб биламан. Барча-барчаси учун раҳбарларимиздан миннатдорман.
Байрам муносабати билан Гулобод қўрғонидаги "Маржона" базмгоҳида тумандаги корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасаларда, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида самарали меҳнат қилиб, соҳа ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкил этилиб, дастурхон ёзилди.
Тадбирда туман ҳокими барча аёлларни байрам билан қутлаб, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ишлар, аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Президентимиз ташаббуси билан илк бор ташкил этилган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони ҳам айни эътибор ва ғамхўрликнинг ифодаси эканлигини қайд этди. Бу мукофот билан тақдирланган фидойи ва жонкуяр аёлларимиз учун байрам қўшалоқ бўлди, - деди ҳоким.
- Ўз соҳам ривожи учун озгина қўшган ҳиссам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юксак баҳоланиб, "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирландим, - дейди моҳир сухандон Азиза Зокирова. - Бундай рағбат, эътибордан бошим кўкка етди. Шу билан бирга, жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўлимиздан келганча ҳаётга татбиқ этиш, она Ватанимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишда улкан масъулият юклади. Менга ишонч билдирган Президентимдан, халқимиздан миннатдорман. Бу нафақат менга, балки туманимиз аёлларига кўрсатилган эътибор, деб биламан.
Тадбир хушовоз хонандаларнинг концерт дастури билан давом этди.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Сурат муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 15/03/2019 12:45;   Просмотров: 918
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку