Вилоят матбуот уйининг мажлислар залида Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ахборот агентликларини қўллаб - қувватлаш жамоат фонди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда "Ҳудудий босма нашрларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар" мавзусида семинар – тренинг ўтказилди.Тадбирда соҳа мутахассислари, туман, шаҳар ва вилоят газеталари муҳаррирлари, масъул котиб ва мухбирлар иштирок этди.
Чуқур таҳлил ва далилларга асосланган маъруза ҳамда фикр – мулоҳазаларда ҳудудий босма нашрлар мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотлар жараёнини ҳар томонлама шаффоф, ишонарли ва тезкор тарзда етказиб беришда янги босқичга ўтганлиги баробарида ўз ечимини кутаётган қатор муаммоларга дуч келаётганлиги ўз ифодасини топди. Эътибор беринг, аҳолининг кейинги йилларда газета ва журналларга бўлган иштиёқи, эҳтиёжи, ижобий ва салбий муносабати шу даражага етиб бордики, дунёнинг энг ривожланган давлатлари Исландия, Япония, Норвегия, Швеция, Финландия, Жанубий Корея, Дания билан таққослаганда 33 миллион аҳолига эга юртимизда бугун 665 та газета ўртача ҳисобда 3-5 миллион тиражда чоп этилмоқда. Айниқса, туман ва шаҳар газеталари оммабоплигини таъминлаш ҳаётий зарурат бўла туриб, ҳудудларда бу масала ҳамон кескинлигича қолмоқда?
Нима қилмоқ керак? Иқтисодий ва ақлий-ижодий салоҳият бор жойда соҳаларда самарадорлик салмоғи, ривожланиш суръати ҳам ошади. Демак бозор иқтисодиёти даврида босма нашрларда ҳам ўз-ўзини таъминлаш мақсадида маркетинг ва менежмент йўналишларини жорий этиш, саҳифалар дизайнини тубдан ўзгартириш орқали муштарийлар, жамоатчи мухбирлар сонини кўпайтириш мумкин ва керак.
Жамоатчилик назоратини ўрнатишда журналист текшируви, реклама материалларидан кенгроқ фойдаланиш лозим.
Маърузачи ва нотиқлардан мазкур фонд раҳбари С.Юсупов, агентлик вакили М. Омонов, ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети доценти Н. Тошпўлатова, доцент Б. Алимовлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди. Семинар-тренинг ишида вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов иштирок этди.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.