Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УЧ МИНГ СЎМЛИК ҚОРБОБО...

Бобо набираларига улкан арча атрофидаги Қорбобонинг ёнига олиб боришни ваъда берганди. Шунинг учун набиралар эрта тонгдан бир - бирига навбат бермай шеър айтишар ва Қорбобога қайси шеър маъқул тушиши ҳақида баҳслашардилар. Бобо набиралари билан йўлга отланди. Автобусда ҳам набиралар шеър ва топишмоқ айтишдан тўхтамас, Қорбобо ҳақида боболаридан сўрашарди. Автобус тумандаги Хожа Аҳрори Валий масжиди рўпарасидаги бекатда тўхтаганда бобо тушмоқчи бўлиб, ойнадан қаради.

- Бобожон, ана Қорбобо, тушамизми?! - шодланди набираларидан бири.
- Бобожон, тушмайлик, - эркаланди иккинчиси. - Ҳақиқий Қорбобо шаҳарда бўлади. Бу Қорбобо сигарета чекар экан...
Дарҳақиқат, Қорбобо кийимидаги бир йигит зинада ўтириб, сигарета тутатарди.
- Хўп, яхши - деди набираларининг бошини силаб. - Шаҳарга борамиз.
Шаҳардаги осмонўпар арчани кўриб, қувончдан болаларнинг кўзлари порлади.
- Эҳ-ҳа, Қорбобони кўплиги...
- Бобожон, Қорбобо ва Қорқиз билан суратга тушайлик!
- Хўп болаларим, суратга тушамиз, хурсандчилик қиламиз, совғалар оламиз, - бобо ҳам болалардай севинди.
- Қорбобо билан суратга тушишни хоҳлайсизларми? - уларга юзланди Қорбобо.
- Йўқ! - аччиқланди кичик набира. - Бу ҳақиқий Қорбобо эмас.
- Тўғри. Бобожон, Қорбобонинг оёғига қизил этик бўлади.
- Хўп, болажонларим, ҳозир ҳақиқий Қорбобони топиб, суратга тушамиз.
Уларга яна Қорбоболар юзланди, набиралар рад этиб, ҳақиқий Қорбобони излашди.
- Қорбобо ва Қорқиз билан суратга тушмоқчимисиз? - болалардан сўради Микки Маус. Мана улар арча атрофида сизни кутмоқда.
- Мана ҳақиқий Қорбобо ва Қорқиз! - бобони улар томон етаклашди болалар. - Кийимлари ҳам жуда ярашган. Мовий кўзли Қорқиз.
Негадир суратга тушганлар Қорбобо ва Қорқизнинг қўлига пул тутқазишарди. "Болаларга совға бериш учун пул бераётгандир",- кўнглидан ўтказди бобо ва секин Қорбобонинг қулоғига шивирлади:
- Совғани ўзим келтириб берайми? Ёки ўзингиз берсангиз, аввал шу қизчага беринг...
- Амаки, совға беришга вақтим йўқ! Суратга тушишга халақит берманг!
Ҳаммалари суратга тушишди.
- Сурат қачон тайёр бўлади? - сўради суратчидан.
- Беш минутда, амаки.
- Барака топ, болам.
- Олти минг сўм беринг, амаки...
Фотографга пул берган эди, Қорбобо дўғ урди:
- Амаки, Қорбобо билан расмга тушдингиз, пулини бермайсизми? Қорқиз билан менга олти минг сўм беринг !
- Кечир, билмабман. - набиралар олдида изза бўлмаслик учун узр сўради бобо. - Илгари бизга Қорбобо совға берарди. Ҳозир эса акси...
Бобо набиралари билан бироз айланишди. Бироқ шаҳардаги ҳамма Қорбоболар пул талашиб, суратга тушишар, бир-бирлари билан баҳслашарди.
- Бобожон, ҳақиқий Қорбобо тоғлардан келади-а?
- Набираларим, ўзимизнинг туманда ҳам арча қад ростлаган. Янги йил ярмаркалари бор. Болажонлар учун қишқи таътилда байрамона тадбирлар ўтказилади.
Улар яна автобусга миниб, Хожа Аҳрори Валий маҳалласи томон қайтишди...

Н. Дилрабо


Последнее редактирование: 11/01/2019 15:06;   Просмотров: 1265
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку