18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни
Самарқанд фусункор табиати, атрофини ўраб турган тоғлар ва булоқлардан иборат ариқлари, боғлари билан ҳам машҳур. Қадимда шаҳар ичида ўнлаб ҳовузлар бўлган, Новадон, Сиёб, Оби Раҳмат ариқлари шаҳар ҳавосини тозалаб, мўътадил иқлим ҳосил қилган. Аллоҳ томонидан берилган бу илоҳий неъматлар табиийки, муаззам шаҳар бағрини тўлдириб, унинг шарафини оламга ёяётган меъморий обидаларнинг сақланишига ижобий таъсирини кўрсатган. Обидалар осмони тиниқ, ҳавоси дилни яйратувчи бу кўҳна шаҳарга беқиёс чирой ва кўрк бағишлабгина қолмай, бу неъматларни кишилар Аллоҳнинг инояти деб билганлар. Бу таъкидларни археолог олимлар, меъморлар кўп бора айтишган. Агар қиш ойларида энг баланд Бибихоним мадрасаси миноралари, улкан деворларига қўлингизни текизсангиз, ажиб бир илиқликни туясиз, атрофдаги минусли ҳарорат таъсирини сезмайсиз. Регистон майдонидаги мадрасаларда ҳам шу иқлим мужассамлигини туясиз юракдан. Яна бир жиҳати, улуғ Амир Темур обидасига кирсангиз, қишин-ёзин бир хил ҳарорат +15, +17 градусни кўрасиз. Таъкидлаганимиздек, кўҳна шаҳар атрофидаги тоғу тошлар, сув ва сувли боғлар, одамлари қалбидаги меҳр тафти ноёб осори-атиқаларга ҳам таъсирини кўрсатганига амин бўласиз.
Мана шу жиҳатлар мадрасаю миноралар, мақбара ва гумбазларга яширинган сирли-синоатли нақш жилоларнинг кўп асрлар сақланишига шароит яратади. Негаки, ўз даврида махсус лабораторияларда профессор олимлар, мутахассислар томонидан тайёрланиб мадраса деворларига ёпиштирилган кошинкорлик материаллари иқлим шароитидан келиб чиқиб кўп йилпар "умр кечиради". Марказий Осиё мамлакатлари иқлим шароити қишда совуқ, изғирин ва ёмғирли-қорли, баҳорий намгарчилик бўлиши табиий. Шунга қарамасдан кимёвий элементлар, лой, гил, тупроқ ва дарё суви аралашмасида тайёрланган кошинкорлик материаллари чидамлилигини сақлаб қолади. Албатта, шаҳар ҳавоси, унинг атрофидаги мўътадил ҳаво таъсирида наққош, ганжкор, кошинкор усталар меҳнати асрлар давомида минораларда сайқалланиб тураверади. Илоҳий неъмат деймиз ва буни Аллоҳ берган иноят, мўъжиза деб таъриф этамиз.. Моҳир усталар қўли билан яратилган мўъжизавий санъат, наққошлик санъатининг Самарқанд мактаби шу боис асрлардан асрларга ўтиб, дунё аҳлини лолу ҳайрон этиб келаётир.
Самарқанд тарихи, бу муборак шаҳарда яшаб ўтган алломалар ҳаёти ҳақида, фусункор табиати ҳақида нодир асарларда кўп ёзилган. Ўз даврининг етук алломаси Ёқут Ҳамавий ( милодий 1179-1229 й) нинг "Суғд шарқий эллар орасида энг обод жойдир.Оқар сувлари бор, дарахтлари кўп, иқлими баҳаво, одамлари меҳмондўст ва хушмуомала" деган сўзлари ҳамда Қутайба ибн Муслим (милодий 669-715 й) нинг ҳайратига сабаб бўлган ўлка (Суғд-Самарқанд): "У ям-яшил боғу роғларга чўмган бир осмон янглиғдир, қасрлари порлоқ юлдузларга монанддир, дарёси эса (фалак узра) Сомон йўлига ўхшайди", деган тарифлари донишлари илмиятига ҳам ишорадир. Зеро, минг йилларки, илму дониш аҳли Самарқандни севиб, муборак, нурли шаҳар эканлигини таърифлайдилар, ки, бу неъматлар тарихий-меъморий обидалар яхши сақланишида Аллоҳнинг бир мукофотидир, Самарқанду азимнинг ўзига хос мўътадил ҳавосию иноятидур. Бугунги бунёдкорлик, яратувчилик ишлари ана шу эзгу ишларнинг, улуғ боболарга муносиб бўлишнинг давоми, Янги Ўзбекистоннинг бетакрор, қадимий шаҳрининг келажаги учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.
Убай ҚОДИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.