(Бу ҳақда туман Кенгаши сессиясида айтилди)
Дунёда ҳар бир халқ ўз қадриятларига суяниб, уларни асраб-авайлаб, замонга, даврга мослаб, уларга амал қилиб яшайди. Шу маънода тўй ва маросимлар қадриятларимиз кўзгуси ҳақида сўз юритсак. Бу борада эришган ютуқларимиз қанча бўлса, муаммолар ҳам шунга яраша. Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойна” журналида эълон қилинган “Бизни кемирувчи иллатлар” сарлавҳали мақоласида тўй ва маросимлардаги дабдабабозлик иллатлари қаттиқ танқид остига олинган бўлсада, орадан 102 йил ўтиб ана шу мулоҳазаларни ўқир эканмиз бу масала жамиятимиз учун ҳали- ҳануз долзарб бўлиб турганлигини янада теранроқ англаб етамиз.
Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан 2015 йил 8 августда қабул қилинган қарорда тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликларга чек қўйиш борасида аниқ фикрлар билдирилган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида муайян ишлар амалга оширилган бўлсада, бироқ жамоатчилик назорати бу йўналишда анча сусайиб қолгандек. Назоратнинг тўла-тўкис амалга оширилмаётганлиги натижасида ўзибўларчиликка йўл қўйилмоқда.
Президентимизнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилар вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида тўйларимиз хусусида куйиниб гапирдилар. Бугун ўзини кўз-кўз қилиб, ким “ўзар”га тўй қилаётганлар кўпчилик бўлмасада йўқ эмас. Улар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, керилиб, “ҳамманинг оғзи очилиб қолсин” қабилида иш тутишлари жамиятимизнинг маънавий таназзулга етказаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Тўй энг хайрли ишларимиздан бири. Лекин, катта қарз кўтариб, соғлиқдан айрилиб қилинган тўй шариатимиз, қонунларимиз, урф-одатларимизнинг ҳеч бирига тўғри келмайди. Туманда фаолият юритаётган бир-биридан чиройли, бир-биридан ҳашаматли тўйхоналарга таклиф этилган меҳмонлар сони айрим ҳолларда 500-600 кишидан ошиб кетаяпти. Ҳозирги шароитда шунча кишилик тўйхонада элга тўй бериш шартми? Не-не машаққатлар билан тўпланган оила бюджетини бир кунлик тўйга сарфлаб юбораётганлигимизга ачинмаймиз. Бировдан қарз олиб ёки фарзандлари ризқидан чегириб, ўн йил тўплаганларини бир кунлик тўйга сарфлаш ақлсизлик эмасми? Тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида давлатдан олган кредитни тўйга сарфлаб, қўшимча фоизни тўлолмай юрганлар ҳам қўпайиб кетмоқда.
Шу билан бирга тўйхоналарда хизмат кўрсатаётган официантларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ёки ўтмаганлигига ким кафолат беради? Тиббий кўрикдан ўтмаган ёлланма ишчиларни жалб этиш ҳолатлари йўл қўйилаётганлиги оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларида касаллик қўзатувчи микроблар туфайли аҳоли ўртасида ўткир юқумли касалликлар ҳам содир бўлмоқда.
2015 йил 8 августда бўлиб ўтган туман Кенгашининг сессиясида тўйхоналарда 300 нафаргача меҳмонлар бўлиши кераклиги ҳақида тавсия берилган ва бунга риоя ҳам қилинган эди. Бироқ буни тезгина унутиб яна ўзибўларчиликка йўл қўйилди. Энг ачинарлиси эса тўйларимизда аксарият келинларимизнинг тўй либослари айнан европача, ярим-яланғоч. Ахир тўйдан кейин бирон бир ўзбек йигити жуфти ҳалолининг оппоқ елкалари, белларигача очиқ ҳолда кўчада ҳаммага кўрсатиб юришни истамаса керак. Унда нега айнан тўйда, шунча одамнинг ҳузурида уни шу ҳолда ҳаммага кўрсатиб кўз-кўз қилиб валсга тушади.
Кейинги пайтда тўйларимизда замонавий эстрада усулида ижро этиладиган енгил-елпи қўшиқлар, беҳаё рақслар кўпайиб кетди. Қизиғи шундаки, тўй пойтахтдан ташриф буюрадиган санъаткорнинг вақтига қараб белгиланади. Бу ҳам майли, фалон сўмга олиб келинган қўшиқчи бемалол фонограмма орқали ўз қўшиқларини ижро этаверади. Тўйхонадаги шовқин-суронлар, мусиқанинг баландлиги шу атрофда истиқомат қилувчи хонадонларга ноқулайлик туғдираяпти. Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, баланд товуш таъсирида қулоқ пардаси йиртилиши, қулоқ бўғимлари орасидаги боғланишлар бузилиши кузатилар экан.Қолаверса, кучли овоз нафақат эшитиш, балки асаб тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳар қандай одамни жазавага туширадиган ғарбона оҳанглар ҳали суяги қотмаган ёшларнинг маънавий-аҳлоқий қиёфасига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Тўйда хизмат қиладиган санъаткорларнинг репертуарини назорат қиладиган ташкилотлар борми? Агар бўлса, нега қўшиқларимиз бу қадар саёзлашиб кетган?
(Давоми. Боши 1-бетда)
Туманда қизларни эрта турмушга чиқармаслик масаласи ҳам машаққатлар билан бўлсада, ҳал қилинаяпти. Баъзи оилалар қизларини ўқитиш, ҳаётга тайёрлаш ўрнига тезроқ бахтини кўрай деб, уни бахтсиз қилиб қўяётганлигини ўзи билмайди. Ёшлар оила деган муқаддас тушунча ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмай, турмуш қурганликлари, ортиқча урф-одатларнинг зиёни кўплаб ажримларга сабаб бўлаяпти. Маҳалла фаоллари, маслаҳатчилар ва хотин-қизлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликнинг бу борадаги фаоллигини янада оширишимиз, тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришимиз зарур бўлади.
Тўйларни ихчам, камхаражат ўтиши кўп жиҳатдан ёшларимизга, хусусан, ёш келин-куёвларимизга ҳам боғлиқ. Бу йўналишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда таъсирчан тушунтириш ишлари олиб боришлари зарур.
Яна бир муҳим масалалардан бири бу тўй ва маросимларда хизмат қилаётган замонавий хорижий автотранспорт воситалари фаолиятини тартибга солиш. Сир эмас тўй маросимларда кўпчилик ёшларимиз энг сўнгги русумдаги хорижий автотранспортларда ФҲДЁ бўлимларига боришади. Лекин унинг бир соатлик нархидан ҳамманинг хабари бор. Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл-патрул хизмати томонидан бир қатор рейдлар ўтказилишига қарамасдан ўн, ўн бешталаб автотранспорт воситаларининг шаҳар кўчаларида юриши ва бошқа транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир ўтказаётганлиги, айрим ҳолларда эса йўл-ҳаракати билан боғлиқ бахтсиз ҳолатларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тўйдан олдин келин-куёвларнинг тоғу-тошларда, таъбир жоиз бўлса қўшни вилоятларга чиқиб, расмга ва видео тасвирга тушишлари аллақачон қўштирноқ ичида анъанага айланиб қолди. Замонавий тилда “лавстория” деб аталадиган ушбу маросимнинг ўзига камида 1000-2000 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланмоқда.
Бугун тўйларимизни дабдабаю-исрофгарчиликка йўл қўйилаётганига фақат бир ёки икки кишини айблаш ноўрин. Чунки бугун вилоятимизда юзлаб маҳалла йиғинлари ва уларнинг маслаҳатчилари, имом-хатиблар-у қишлоқ фаоллари иш юритмоқда. Агар биз биргалашиб ўз вақтида бир тану-жон бўлиб исрофгарчиликларга қарши турганимизда эди, кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олган бўлар эдик.
Наҳотки, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тўй қилувчиларга ўз сўзини ўтказишлари қийин бўлса? Аввало, айнан улар уйғоқ замон билан ҳамнафас бўлиб, “шу маҳаллага, қишлоққа мен масъулман” деган туйғу билан қараши лозим.
Халқ депутатлари туман Кенгашига қуйидаги таклифларни киритмоқчиман:
- Тўй-ҳашамларни, оилавий тадбирлар ва шулар билан бошқа маросимларни ўтказиш ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида “Жамоатчилик кенгашини” тузиш;
- Тўй-ҳашамлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинларига таклиф этиш, шу масалани маҳалла меҳнат жамоасида муҳокама этиш ва таъсир чорасини кўриш;
- Тўй-ҳашам муносабати билан санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг хизмат кўрсатиш ҳамда хорижий автоуловларни ижарага олиб, шаҳарда айланиш ҳақлари ошириб юборилаётганлигини инобатга олиб, ушбу ҳолатни тартибга солиш ва аниқ меъёр ўрнатиш мезонларини ишлаб чиқиш;
- Барча ресторан ва тўйхона эгалари томонидан тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчини бузмаслик учун ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирларни белгилаш лозим.
З.ШОДИЕВА,
туман ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.