Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТЎЙ-ҲАШАМЛАР ЎТКАЗИШГА ОИД ТАРТИБ БУЗИЛИШИДА АЙБДОР БЎЛГАН ШАХСЛАР ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛАДИ

Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом муҳокама этилиб, ушбу масала бўйича Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди.

Низомда маросимларни ўтказиш вақти, меҳмонлар сони каби жиҳатлар, маросимлар билан боғлиқ хизмат кўрсатиш соҳаси тартибга солингани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиги масала жорий этилаётган тартибга амал қилинишидир. Бунга амал қилмаганлар учун қандай қандай жавобгарлик бор?
Низомда оилавий тадбирларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат назорати ўрнатилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Эндиликда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.
Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини, шунингдек, мониторингини амалга оширади. Оилавий тадбирларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради. Ўрнатилган тартибга риоя этмаган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилган ҳолда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини, "Нуроний" жамғармаси ҳудудий бўлимлари эса оилавий тадбирларнинг ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни муҳокама қилади. Ушбу тузилмалар ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиб, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши керак.
Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.
Низом ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА


Дата добавления: 20/09/2019 18:08;   Просмотров: 760
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку