Вилоят Ўлкашунослик музейида миллий мақом санъати бўйича "Мусиқий мерос" концерт дас-тури ўтказилди. Унда Самарқанд санъат коллежи қошидаги мақомчилар ансамбли, Самарқанд тумани маданият бўлими қошидаги "Шашмақом" ансамбли, Паст Дарғом туманидаги 32-болалар мусиқа ва санъат мактабининг "Дарғом ғунчалари" болалар мақом ансамбли ҳамда вилоятимизнинг яккахон хонандалари томонидан миллий мақом санъати намуналари маҳорат билан ижро этилди.
— Шаҳар куни муносабати билан ташкил этилган мақом кечаси қалбимизга ҳузур-ҳаловат бағишлади, — дейди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. — Маънавиятимиз, қадриятларимиз, ўзлигимизнинг ажралмас қисми бўлган мақом куй-қўшиқларини 12-15 яшар набираларимиз ҳам ўзига хос маҳорат билан куйлаганини кўриб, тинглаб кўнглимиз тўлқинланиб кетди. Эзгу ташаббус билан бошланган бундай кечаларни анъанага айлантириб, йилда эмас, ҳар ойда ташкил этиб туриш керак.
Вилоят қўғирчоқ ва мусиқали драма театрларида болажонлар ва катталар учун бобомиз Мирзо Улуғбекнинг болалиги, комил инсон бўлиб вояга етгани, адолатли ҳукмдор, ўз навбатида, буюк мунажжим-олим сифатидаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи спектакллар намойиш этилди. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, "Саховат" уйи кекса-нуронийлари, шаҳар ободонлаштириш бош - қармаси ишчи-ходимлари учун байрам дастурхонлари ёзилди. Шу куни жамоат транспорти ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонларига бепул хизмат кўрсатди.
Шаҳар кунига бағишлаб Ўзбекистон тарихи ва маданияти давлат музейида "Самарқанд — кеча ва бугун" фото кўргазмаси, Академик Яҳё Ғуломов номидаги археологик тадқиқотлар институтида "Зарафшон воҳаси жаҳон цивилизацияси тарихида" мавзусида республика илмий семинарининг 75-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда тарихчи ва археолог олимлар, илмий тадқиқотчилар томонидан Зарафшон воҳаси, жумладан, Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихи, ушбу тарихдан сўзловчи музейлар фаолияти, кейинги йилларда амалга оширилаётган археологик тадқиқотлар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят мусиқали драма театри майдонида сана муносабати билан ташкил этилган тадбирларнинг асосий қисми бўлиб ўтди. Унда юртдошларимиз билан бир қаторда қирғизистон Республикаси Президентининг Маданият ва маънавият бўйича Давлат маслаҳатчиси, қирғизис-тон халқ ёзувчиси Султон Роев раҳбарлигидаги Норин вилояти академик мусиқали драма театри жамоаси ҳам иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов, вилоят ҳокими ўринбосари Р. Қобилов, Қирғизистон Республикаси Президентининг Маданият ва маънавият бўйича Давлат маслаҳатчиси С. Роев ва бошқалар барча самарқандликларни шаҳар куни билан табриклади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, соҳалар ривожи, Самарқанд халқининг бахтли яшаши учун яратаётган шароитларни алоҳида эътироф этишди. Бу муқаддас заминда яшаб, Самарқанд тупроғида абадий қўним топган буюк аждодларимиз, давлат арбобларининг ҳурматини жойига қўйиб, уларга муносиб бўлиш, шаҳримизнинг обод ва кўркамлиги, бунёдкорлигига доимо ҳисса қўшиш лозимлигини алоҳида таъкидлашди.
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан боғлиқ тадбирлар маҳалла, корхона-ташкилот ва муассасаларда давом этди.
Дилрабо НАСИМОВА,
Сурат муаллифи Алишер ИСРОИЛОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.