Ўтган ойда газ таъминоти бошқарув тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга ошди. Жумладан, “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси тугатилиб, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали” ташкил этилди. Илгари вилоятда фаолият олиб борган 18 та туман, шаҳар газ таъминоти идоралари фаолияти ҳам тугатилди. Эндиликда “Самарқандшаҳаргазтаъминот” ўрнига Самарқанд газ таъминоти участкаси иш бошлади. Худди шундай Самарқанд, Тайлоқ, Ургут, Булунғур ва Жомбой туманлари аҳолиси учун Самарқанд тумани участкаси, Паст Дарғом, Гўзалкент, Нуробод газтаъминот идоралари ўрнига Паст Дарғом газ таъминоти участкаси, Қаттақўрғон шаҳри, Қаттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманлари учун Қаттақўрғон шаҳар газ таъминоти участкаси, Оқдарё, Пайариқ, Челак, Қўшработ газ таъминот идоралари ўрнига Оқдарё газ таъминоти участкаси аҳолиси хизмат кўрсатади.
Бу эса истеъмолчиларда бир қатор саволларни юзага келтирмоқда. Ушбу саволлар юзасидан газ таъминоти бўйича вилоят филиали директори ўринбосари Шавқиддин Ғаффоров билан суҳбатлашдик.
- Илгари истеъмолчи маиший газ баллони олиш учун туман газ таъминоти идорасига мурожаат қиларди. Ушбу идоралар ёпилган бўлса, энди қай тартибда маиший газ баллон олинади?
- Янги тартибга кўра, энди бир неча туман аҳолисига битта туманлараро газ таъминоти идораси хизмат кўрсатади. Аммо ҳар бир газ таъминоти идорасида мутахассис ходимлар бўлиб, улар аҳолининг суюлтирилган газ бўйича мурожаатларини ҳам қабул қилишади.
- Эндиликда газ таъминоти бўйича вилоят филиалининг вазифаси аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз ва беталофат таъминлаш, газ ускуналарига техник хизмат кўрсатиш кабилардан иборат экан. Суюлтирилган газ учун тўлов қай тартибда амалга оширилади?
- Газ таъминоти бўйича вилоят филиали тўловга оид ишлар билан шуғулланмайди. Тўловга оид масалалар билан мажбурий ижро бюроси шуғулланади. Газ таъминоти тизимида фақатгина суюлтирилган газ учун тўлов қабул қилинади. Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида суюлтирилган газ тарқатиш жараёнида ҳам тўловлар касса аппарати ёки тўлов терминали орқали қабул қилинади.
Бу борада бирор тушунмовчилик кузатилган тақдирда истеъмолчилар вилоят бўйича газ таъминот филиалининг 239-78-10 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин. Шунингдек, суюлтирилган газ учун тўлов тизими ҳам бутунлай янгиланмоқда. Энди ҳар бир истеъмолчига махсус мобил рақам берилиб, маҳсулот учун тўловни уяли телефон орқали ҳам тўлаш имкони яратилмоқда.
- Кўпинча истеъмолчилар суюлтирилган газ етказиш муддатининг узайиб кетишидан шикоят қилишади. Айтайлик, баъзан суюлтирилган газ ҳар ойда етказиб турилса, баъзан ундан ҳам кўпроқ кутишга тўғри келади. Ана шундай ҳолатда, истеъмолчининг ўзи аҳоли учун суюлтирилган газ қуйиш шаҳобчаларига бориб, маиший газ баллонини тўлдириб олиши мумкинми? Ҳар ҳолда, ҳозир бундай шахобчалар сони бештага етди.
- Аввало, шуни таъкидлаш керакки, аҳолига суюлтирилган газ етказиш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Мисол учун, 2016 йилнинг шу вақтида аҳолига бир ойга 3,3 минг тонна суюлтирилган газ тарқатилган бўлса, бу йил ойлик асосий фонд 3749 тоннани ташкил этади. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан яна кўшимча 827 тонна суюлтирилган газ тарқатилмоқда. Ушбу фонд суюлтирилган газ истеъмолчилари сонига қараб ҳудудларга тақсимланади ва шунга қараб тарқатилади. Ана шу тақсимот газ қуйиш шахобчаларида аҳолига индивидуал тарзда газ қуйиб берилади. Суюлтирилган газ фақат режа асосида аҳолига махсус машиналарда етказилади. Тўғри, ушбу маҳсулотнинг тугаб қолаётганидан шикоят қилаётганлар бор. Бундай ҳолатлар кўпроқ қиш мавсумида учрайди. Аммо шуни эслатиб ўтиш керакки, суюлтирилган газ фақат овқат пишириш ва чой қайнатиш учун тарқатилади. Бошқа, масалан, уйни иситиш мақсадида фойдаланиладиган тақдирда юқоридаги ҳолат келиб чиқади. Иссиқлик билан боғлиқ муаммолар бартараф этилса, табиийки, суюлтирилган газ таъминотида ҳам муаммо бўлмайди.
- Сўнги беш йилда суюлтирилган газ истеъмолчилари ўн марта ортди. Шунга қарамай, маиший газ баллонларига эҳтиёж ҳамон қопланган эмас. Бу талабга эътибор қаратиляптими?
- Айни вақтда вилоятимизда 332 минг хонадон суюлтирилган газга мослашган бўлса, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, бу йил яна 84 мингта маиший газ баллонлар тарқатилди. Яъни, вилоятда суюлтирилган газни мослашган хонадонлар сони 416 тага етди. Йил охирига қадар жами 113 мингдан ортиқ маиший баллонлар тарқатилади. Бугунги кунда Бухоро, Қўқон шаҳарларида маиший газ баллонлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар йили “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти буюртмасига биноан ана шу заводлардан маиший газ баллонларини оламиз. Эҳтиёжга қараб, маҳсулот қабул қилиш ҳажми ҳам ошиб бораверади.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ суҳбатлашди (“Зарафшон” газетасидан олинди)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.