Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Туман аҳолисига МУРОЖААТ

Қадрли тумандошлар!

Кейинги пайтда халқимиз орасида "Коронавирус" касаллиги ва унинг асорати ҳамда бошқа сабаблардан ўлим ҳолатлари қайд этилаётгани барчамизни қайғу ва ташвишга солмоқда. Бу йўқотишлар оилалар учун нақадар оғир эканлиги барчамизни бефарқ қолдирмаса керак. Шу боис жаноза ва таъзия  маросимларига борилганда марҳумнинг оила аъзолари ҳамда унинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этишда сўз топишга қийналасан киши. Шундай бўлсада, хонадон соҳиби ёки оила юмушини елкасига олишга мажбур бўлган кишига сабр-тоқат тилаб, марҳум ҳақида илиқ фикрлар билдириб, далда бериб келинмоқда.

Бу воқеалар барчамизни касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда огоҳлик ва зийракликка ундамоқда. Кўча-куйда, бозор ва савдо дўконлари, дорихоналар, умумий овқатланиш шахобчалари ҳамда жамоат транспортларида, қолаверса аҳоли гавжум жойларда барчамизни касалликдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя этиш тақозо этмоқда.

Азиз тумандошлар!

Туман "Нуронийлар" жамоатчилик Кенгаши ёшу-кекса барчангизни давлатимиз раҳбари томонидан касалликни енгишнинг ягона усули бу вакцинация (эмлаш) зарур деган сўзларига  фаоллик билан ёндашишга  яна бир бор даъват этади. Бунинг учун тиббий муассасаларда барча шароитлар яратилган. Барча вакцина муолажалари бепул амалга оширилмоқда.

Вакцина олган фуқароларимизни эса мен касалликка қарши эмланганман, деб карантин қоидаларига риоя этмасам ҳам бўлади, деган тушунча билан юриш фикридан йироқ бўлишга чақирмоқчимиз.

Шу боис, халқимизни ниқобда юриш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситаларидан фойдаланиш, қолаверса оддий гигиена қоидаларига сўзсиз риоя этишлари зарур.

Халқимиз болажон эканлигини жуда яхши биламиз. Жондан азиз фарзандларимизни кўнгилочар жойлар, турли тадбирларга олиб боришни ота-оналар, буви ва буважонларимиз жуда яхши кўришади. Аммо, пандемия давомида бу тадбирларга ташрифимизни имкон қадар камайтириб, уйда оила даврасида китоб ўқиш, зангори экран орқали миллий кино ва театр томошаси билан чегаралансак, муҳими сабабсиз кўчага чиқмай уйда ўтириш мақсадга мувофиқ.

Тўй ва бошқа маросимларни ўтказишни режалаштирган тумандошларимиз диққатига!

Албатта, Сиз неча йиллар орзу қилиб, фотиҳа, никоҳ, суннат, юбилей маросимларини ўтказиб, халқимизга дастурхон ёзиб ош беришни ният қилгансиз. Лекин, пандемия даврида ўзингиз, ёру-биродарингиз, қавму-қариндошингиз, маҳалладош ва қўшниларингиз соғлигини ўйлаб кўринг, тадбирингизни ихчам, оила даврасида ўтказиш билан уларни касалликдан асраган бўласиз.

АЗИЗЛАР!

Соғлиғингиз ўз қўлингизда эканлигини яна бир бор эслатмоқчимиз. Умрингиз узоқ бўлсин, ҳар биримизни жамиятда ўз ўрнимиз борлигини унутмайлик!

Давлатимизнинг энг катта бойлиги бу - халқимиздир.

Туман "Нуронийлар"

жамоатчилик Кенгаши,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси.

2021 йил, 10 август.


Дата добавления: 13/08/2021 10:31;   Просмотров: 2791
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку