Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТОВЛАМАЧИ

Фарзанди камолга етгач, ҳар бир ота-она унинг "бошини иккита қилиб қўйиш", уйли-жойли қилиш тараддудига тушиб қолади. Агар ўғиллари уч-тўртта бўлса, уйлантирганидан сўнг барчасини бир ҳовлида сақлаб туришнинг иложи йўқ, албатта. Бундай ҳолатда янги иморат сотиб олиш ёки солиб бериш мажбурияти ҳам ота-она зиммасида. Гули опанинг бошида ҳам ана шу ташвишлар турарди.

Оиланинг даромади эса янги уй-жой солишга етмайди. Шу боис ўғлини хорижга, Россия федерациясига пул топиш илинжида жўнатди. Ҳадемай ўғли АҚШ доллари ҳисобида пул жўната бошлади ва анча-мунча пул жамғарилди. Шундай кунларнинг бирида Гули опа қўшниси М. Ҳакимовнинг уй-жой қуриш учун ер майдони олганлигини эшитиб, йўл-йўриқ сўрайди. У шу ишга мутасадди бўлган киши билан бу ҳақда гаплашиб кўришга ва таништириб қўйишга ваъда беради. Бир неча кундан сўнг номаълум шахс опанинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Ансор дея таништиради ва ер сотаётганлигини маълум қилади. Эртасига туманнинг Янгиариқ маҳалласига келишлигини, шу ерда ерни кўрсатиб, савдолашиб олишлигини айтади.
Эртасига Гули опа қизи С. Дабилова билан ўша айтилган манзилга етиб боради. Уларни ўша телефонда гаплашган Дилов Мирансор кутиб олади. Ўзини фермер хўжалигининг раиси деб таништирган Д.М. уларга бир ер участкасини кўрсатиб, фақат шу майдон қолганлигини, ҳар сотохини 1000 АҚШ долларидан сотаётганлигини айтади. Харидорнинг шубҳаланаётганлигини кўрган товламачи олди-сотди билан боғлиқ барча ҳужжатларни ҳам ўзи тўғрилаб беришга ваъда беради. Шундай қилиб, у харидорнинг ишончига сазовор бўлган ҳолда сохта ҳужжатларни тақдим этиб, ундан 0.06 гектарлик майдон учун 6100 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштиради.
Маълум бўлишича, Г. Турдибекова товламачи Мирансор Диловнинг қармоғига илинганларнинг биринчиси эмас экан. У илгари ҳам ҳамтовоғи Мардонов Неъмат билан жиноий тил бириктириб, 2017 йил апрель ойида фуқаро Исаев Баҳодирдан 8000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни 0.08 гектар ер майдони тўғирлаб берамиз, деган ёлғон ваъдалар берган ҳолда ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Хуллас, фирибгарлик ва товламачиликни ўзига касб қилиб олган бу шахс илгари ҳам айнан шу хилдаги фаолияти учун беш марта судланиб, тегишли жазо олган. Аммо, "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, М. Дилов яна ўз нафсини жиловлай олмади ва суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур бўлди. Пировардида товламачига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасига биноан тегишли жазо қўлланилди.

Д.НУРАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси


Дата добавления: 21/09/2018 12:57;   Просмотров: 974
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку