Юртбошимиз жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлганларида халқимизни бундан кейин бадавлат яшаши ҳақида бот-бот уқтириб, экспорт маҳсулотларидан биринчи галда ҳар бир хонадонда лимон ва ёнғоқни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Дарҳақиқат, лимон кўпчилик мамлакатларда тенги йўқ ва қимматбаҳо маҳсулот ҳисобланади. Ушбу мақола ташаббускор, томорқасини хазина билган тадбиркорга асқотади, деб умид қиламиз.
Лимон-дарахтсимон ўсимлик бўлиб, бўйи 5 метрга етади. Барглари чўзиқроқ, тухумсимон шаклда, гуллари шингил ҳолда ёки битталик бўлади. Меваси чўзиқ-юмалоқ, сариқ рангда, пўстидан қийин ажралади, уруғи бир муртакли, тухумсимондир. Одатда мағзи меванинг 60 фоизини ташкил этади, таркибида 2,1-3,8 фоиз қанд, 6-8 фоизгача кислоталар, 60-90 мг га қадар С, В1 ва В2, РР каби витаминларни сақлайди. Лимон жуда яхши сақланади ва қайта ишланганда ҳам қимматли хусусиятларини йўқотмайди. Меваси чойга солинганда яхши таъм беради, у кулинарияда турли шарбатлар тайёрлашда, ликёр-арақ маҳсулотлари саноатида ишлатилади, пўсти, гуллари, барг ва навдалари озиқ-овқат саноати, парфюмерия ва тиббиётда қўлланилади.
Тиббиёт ва халқ табобатида эса лимон юрак қон-томир тизими касалликлари, сил, бод, цинга, талоқ оғриғини даволашда шунингдек, инсон меъдасида модда алмашинуви бузилишининг олдини олади, РР гуруҳидаги дармондорилар эса қон босимининг пасайишига ёрдам беради ҳамда мияга қон қуйилишини бартараф этади. Маълумотларга кўра лимон XII асрда Ҳиндистон ва Покистонда экилган, у ердан кейинчалик бошқа давлатларга тарқалган. Лимон АҚШ, Ҳиндистон ва Кавказда кўп экилади. Хитой ва бизда ўра шаклда яхши ўстирилади, Озорбайжонда ер бағирлаб ўсувчи навлари ҳам бор. Бизда унинг «Тошкент», «Юбилей» каби навларининг бир тупидан 100-200, ҳосилга ғарқ кирганда эса 300 кг мева олиш мумкин.
Лимонни очиқ майдонда, тўшама траншея усуллари ва хонада ўстириш мумкин. У пайвандлаб ёки навдаларини пархешлаб кўпайтирилади. Ёпиқ майдонда йил бўйи, очиқда эса баҳорда гуллаб, ҳаво ҳарорати 10 0 С дан юқори бўлганда 180-200 кунда пишиб етилади. Одатда 9-10 0С ҳароратда ўсади, 17-18 0С да яхши ривожланади, аммо бунда тупроқ ҳарорати 20-22 0С атрофида бўлиши талаб этилади. Меваси 21-22 0С да тайёр бўлади, аммо у -3 -4 0С да нобуд бўлади. Одатда лимон намликка талабчан ва бир йилда 25-30 марта суғориш мақсадга мувофиқдир. Ботқоқли, шўрланган тупроқларда ўсмайди. Траншея усули қўлланилганда улар 1,5-3 метр оралиқда ўтқазилади ва навдалари ер сатҳидан 10-15 см баландликда қолдирилади. Сўнгра устидан шаффоф плёнка (қалинроқ) қилиб ёпилади ва қишнинг совуқ кунларидан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.
Вегетация давомида касаллик ва зараркунандаларга қарши ҳимоя воситаларидан фойдаланилади. Шундай қилинса лимон ҳосили кузга бориб тайёр бўлади, мевалари эса эҳтиётлик билан махсус қайчи ёрдамида кесиб олинади ва идишга жойлаштирилади. Лимондан бир йилда шахсий томорқа шароитида ҳам катта даромадга эга бўлишнинг аниқ имкониятлари мавжуд.
Хидирали БОТИРОВ
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.