Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Толибжон Байзаков: СУДНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ - АДОЛАТ!

Давлатимиз раҳбари адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурнинг "Куч - адолатда!" деган тамойилига амал қилиш энг муҳим вазифа бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Бу борада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта.
Яқинда жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси вазифасида фаолият бошлаган Толибжон Бойзоқов билан бўлган суҳбатимиз ҳам истиқлол йилларида мамлакатимизда суд нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, адолат қўрғонига айланаётгани борасида кечаётган ишлар жараёни ҳақида бўлди.

- Ҳурматли Толибжон Сайдуллаевич, "одил суд барча ижтимоий эзгуликнинг пойдевори ва судялар - гапираётган қонун, қонун эса, тилсиз судьялар", - деган экан бир донишманд.
- Жуда ҳақ гап. Биз, қозилар ҳамиша ҳалим, сермулоҳаза, ҳукмни айтишга ҳеч вақт ошиқмасдан, ноҳақликка йўл қўймасдан, адолат ва қатъий қонунга амал қилган ҳолда ўз фикр-мулоҳазамизни айтишимиз лозим. Бегуноҳни жазолаган судья, аввало ўзини жазолайди. "Қора курсида ўтирган шахсга жазо беришдан аввал ҳар доим гуноҳидан ўтишнинг иложи бормикан" деб ўйлаб қоламан. Ахир оиладан, яқинларидан, яшаш манзилидан ажралиб кетиш фожиа-ку! Айбдорларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлмаганман, лекин ноўрин мурувват ҳақсизликка ҳам бориб тақалади ва жамият учун ниҳоятда зарарли эканлигини унутмайман. Ахир жиноятчиларга шафқат кўрсата туриб, ҳалол одамларга заҳмат етказиш мумкин эмас. Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, судьяларнинг "онгда адолат, тилда ҳақикат, дилда поклик бўлиши керак".
- Меҳнат фаолиятингиз билан таништирсангиз.
Мен 1990 йилда Пайарик туманидаги 6-сон ўрта мактабни битириб, аввал Самарқанд давлат университетининг тарих факультетига, сўнгра ҳуқуқшунос бўлимида ўқишни давом эттирдим. Меҳрибон устозларим Амина Ҳамроева, Зиёдулла Муқулов, Карим Назаров ва бошқалардан кўп нарсаларни ўргандим.
Университет дипломи ва йўлланмаси билан Пайариқ туманида суд ижрочиси, сунгра вилоят адлия идорасида етакчи мутахассис, Сиёб туман суди, Самарқанд шаҳар судида раис ўринбосари, вилоят суди раисининг ўринбосари, Хоразм вилоят суди вазифаларида фаолият олиб бордим. Самарқанд туманига келиш олдидан Ўзбекистон Республикаси судьялар Олий Кенгаши судьяси вазифасида ишладим. Нону насиба экан, икки ойдан буён жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси сифатида фаолият олиб бораяпман.
- Толибжон, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш - барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти. Шундай эмас-ми?!
- Тўғри айтингиз. Икки йил аввал 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталар раҳбарлари, судьялар олий кенгаши сенати аъзолари, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар судлари судьялари иштирок этди. Мен ҳам ушбу йиғилишда иштирок этиш ва муҳтарам юртбошимизнинг нутқларини эшитиш бахтига муяссар бўлдим. Йиғилишда ҳали ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, муҳим амалий хулосалар чиқарилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, одил судловни амалга ошириш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган. Давлатимиз раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қиска муддат ичида 15 та сайёр қабул ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Бу, ўз навбатида суд органлари ҳамда судьяларнинг халқ ишончини қозониши, одил судлов жараёнларида адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойиллари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
- Очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар доирасида фуқаролар сизларга қайси масалаларга кўпроқ мурожаат қилишмоқда?
- Улар кўпинча ҳуқуқий масалаларда тушунтириш бериш ёки суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, нафақа, иш ҳақи, оилавий муносабатлар, алимент, мерос ҳуқуқи, суд қарори ижроси ва бошқа шу каби муаммолар юзасидан мурожаат қиладилар ва уларнинг аксарият қисми ижобий ҳал қилинмоқда.
- Жазо тайинлаш амалиётидаги ўзгаришлар хусусида ҳам гапириб берсангиз.
Бугунги кунда жазо тайинлаш амалиётидаги ўзгаришлар хусусида гап борганда, аввало халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик, адашганга тўғри йўл кўрсатиш азалий қадриятларнинг амалий ифодасидир.
- Толибжон Сайдуллаевич, хабаримиз бор, судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси номидан суд ҳужжати қабул қилишлари - улар заммасига бениҳоя шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилганини англатади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, судьяларнинг ўз бурчига содиқлиги, тегишли ваколатларини нечоғлик ҳалол ҳамда сидқидилдан адо этиши мустақил суд ҳокимиятининг обрўсини ва фуқароларда одил судлов ҳамда адолатга бўлган ишончни тубдан оширади. Шундай эмасми?
- Ҳақ гап, одил судловнинг бош мақсади - инсон - парварликдир. Инсонпарварликнинг замирида юксак маданият мужассам. Маданият, ўз навбатида, халқимизнинг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Негаки, халқимизнинг миллий табиатига хос бўлган жамики эзгу инсоний фазилатлар ана шу маданиятлилиги суд ишларини холисона, билимдонлик асосида, жамият ва халқ манфаати учун куюнчаклик билан адолатли ҳал этишида кўзга ташланади. Биласиз, судьяларнинг жамоатчилик вакиллари олдида ўзини тута билиши, мулоҳаза билан иш тутиши, хушфеъл, одобли, камтарин ва ширинсухан бўлиши - бу нафақат судьянинг, балки мустақил суд ҳокимимятининг ҳам обрўсини оширади. Бурч масъулиятини чуқур англаган судья ўз устида мунтазам ишлаб, билим ҳамда тажрибасини ошириб бориш лозим. Судьялар ўз қасамёдига ҳамиша содиқ қолиши, виждонан иш тутиши, сабр - тоқатли ва мустаҳкам ирода эгаси бўлиши даркор. Халқ ва Ватанга бўлган садоқатини, ўзининг фидойилигини ўзгаларга муносабатида намоён этиши зарур. Биз, судьялар зиммасидаги ваколатларни маъсулият ва шараф билан адо этиши баробарида, обрў - эътиборли, адолатпарвар инсон сифатида атрофдагиларда яхши таассурот қолдириши ҳам фарзу қарз.
Президентимиз давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ғоят катта эканини алоҳида таъкидлаб келаётгани бежиз эмас. Шу нуқтаи назардан, айни вақтда жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда олиб борилаётган тушунтириш, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар натижасида жиноятчилик/ тобора камаётгани ўта муҳимдир.
Хуллас, судларнинг бугунги асосий вазифаси - фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишини таъминлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборат.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди.


Последнее редактирование: 16/07/2019 10:53;   Просмотров: 851
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку