Кўп йиллик илм-фан тавсиялари ва илғор тажриба натижалари шуни тасдиқлайдики, токчиликда ҳам мўл ва сифатли ҳосил мезони биринчи галда, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашни илмий асосда, илғор тажриба натижаларини ўз вақтида ҳамда сифатли қўллашга бевосита боғлиқдир.
Узумзорларда жорий йилда ҳам ун шудринг, антракноз, мильдю ва оидиум каби хавфли касалликларнинг тушиши эҳтимолдан холи эмас , албатта. Уншудринг токнинг бутун танасига кенг ва тез тарқалиши боис новда ва барглари оқ унсимон ғубор билан қопланади. Натижада ҳосилга путур етади, мевалари қўнғир рангга кириб тез қотади ва пировардида қуриб қолади. Мазкур касаллик учун ҳаво ҳарорати 24-250С, нисбий намлик эса 50-80% бўлиши қулай ҳисобланади. Худди шундай антиракноз ҳам токка кучли зарар етказади. Унинг дастлабки аломати баргларида қўнғир доғлар билан ифодаланиб сўнг бундай ҳол узум ва ҳатто новдаларида ҳам намоён бўлади. Гуллаш даврида энг хавфли ҳисобланади. Шу боис касалликдан қатьий назар баҳор (2-3 барг бўлганда) 1% ли бордо суюқлиги ёки фунгицид билан ишлов берилган бўлиши лозим.
Бундан ташқари фермерларларимиз агрофирма раҳбар-мутахассислари билан бирга токзорларда зараркунандалар тарқалишининг ҳам зудлик билан олдини олишлари лозим. Шу ўринда айниқса, ток танаси унсимон қурт, шингил барг ўровчиси, сўрувчи ҳашаротлардан саратонлар ва бошқаларига алоҳида аҳамият қаратишлари лозим. Аввало, таькидлаш жоизки, ток канаси энг муҳим ва ашаддий зараркунанда ҳисобланади. Натижада, ҳосилдорлик, унинг сифати ёмонлашиб, токзорларнинг ривожи кескин орқада қолиши кузатилади. Бунда барглар юзаси қизариши биланоқ токка ишлов бериш ўтказилади.
Шунингдек, ток канаси ҳам пўстлоқ остида қишлаб чиққач, токка жиддий зарар етказади. У асосан бегона ўт босган қаровсиз ва ҳаво кам бўлган жойларда тез тарқалади. Ток унсимон қурти эса тухумлай ҳамда қишдан чиқиб, тез кўпаяди ва тарқалади, мавсум давомида 3-4 мартда авлод беради. Бундан ташқари токзорларга шингил барг ўровчи ҳашарот ҳам жиддий хавф туғдиради. У асосан гул тугунчаси, ғўра, ғужум ва пишган узумбошларни қаттиқ шикастлайди.
Мавсумда 3-4 марта авлод беради, капалаклари эса ғунчалар орасига 100-120 талаб тухум қўяди ва бундай ҳол айниқса, соялов ҳамда сернам ток тупларида тезда руй беради. Албатта, токзорларимизда шунингдек, сўрувчи ҳашарот ҳисобланувчи саратонлар ҳам жиддий хавф солади ва улар ўз шираси эвазига баргни ифлослайди, баргларнинг нафас олишига салбий таьсир кўрсатиш эвазига ҳосилдорликни 20-45% га қадар путур етказиши тажрибаларда исботланган.
Хидирали БОТИРОВ,
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори
Сафарали ЭШОНҚУЛОВ, мутахассис
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.