Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТОЖ(Л)ИХОН

Коронавирус инфекцияси билан курашиб ғолиб бўлган қизнинг ишқ қиссаси

У тоғлар бағрида улғайди, булоқ сувидан ичди, қоятошларга солинган расмлардан ҳайратланди. Болалиги ўтган тоғ-у тошларни, дарани тез-тез бориб кўргиси келади, шўх-шодон кунларини қумсайди. Тожихон бугун ҳам ишдан келибоқ Болдирсой ғорлари томон ошиқди. Оёғига бутсе кийиб, бошига оқ дурра ўради. Отга миниб ирмоқлар, сўқмоқлар оша Хумсон қишлоғиниг кунчиқар томонига қараб юрди. Улкан қоятошлар, қизғиш тусдаги силлиқ тоғ тошларга чизилган расмлар унинг хаёлини ўғирлайди. Суратлар табиат таъсирида ўчиб кетаёзган, аммо яхшилаб разм солинса, минг йиллар олдин тошга муҳрланган ажойиб оламни илғаш мумкин. Тоғ эчкилари, буғулар, йиртқич ҳайвонлар, отлар акс этган, тош устида ўтирган чўпон, қўлида таёқ...
-Фариштадек қизнинг овози қайдан келаяпти, а,- Тожихон отдан тушиб атрофига аланглади. Ҳеч ким кўринмасди. Ўтли овоз яна эшитилди. "Отнинг туёқ товуши, фариштанинг овози, ким экан-а!"
Қиз қоятошга яқинроқ борди.Чўпнинг тошга тегиб чирсиллаётган товуши эшитилгандек бўлди. Тўрт-беш қадам ташлаб, тошнинг қияроқ томонига ўтди. Бир йигит қўлларида лупа билан тошдаги расмларни кузатиб, дафтарга ниманидир ёзарди. "Ассалому алайкум, мулла ока" "Валейкум ассалом, тоғ гўзали"
Кўринишидан қувноқ ва истараси иссиқ бу йигит хумсонлик эмас, шаҳарликка ўхшарди.Бошида панамка, қўлида археологларнинг шишасимон учли асбоби, қоятош расмларини эътибор билан кузатиб ўрганмоқда эди.Тожихон бу ерларда қадимшунос олимларни кўп учратган, суҳбатлашган. Обираҳмат, Чотқол ғорларидан топилган ашёларни кўрган.
"Олим бўлармиш, шўртик кийиб олганига ўлайинми?" Ҳазил аралаш яна бир нималар деди қиз. Йигит пинагини бузмади. Рўпарасида турган соҳибжамол хаёлини ўғирласа-да тошга ўйиб чизилган расмларни каттартириб кўрсатадиган лупа асбоби орқали кўрганларини дафтарга қайд этарди. Музаффар ўгирилиб қизга бошан оёқ разм солди.Унинг ёнига келди ва отнинг жиловидан ушлади. Қизнинг кўзлари, чимирилган қошларига қаради. Унинг бу нигоҳидан "ўғилбола феълли қиз экан" деган маънони илғади.
Улар танишиб олишди. Шаддод ва шўх қиз отини етаклаб тоғ чўққилари сари юрди. Ортидан йигит ҳам эргашди. Қуёш шафақранг тус олган, бу тасодифий учрашув Тожихоннинг тақдирида муҳрланиб қолиши тушига ҳам кирмаганди.
- Магистрман, тарих-археология йўналиши бўйича илмий иш қилаяпман,-деди Музаффар ўткир нигоҳларини қизнинг кўзларига тикиб.- Хумсон, Болдирсой, Хўжакент қишлоқлари ҳуудида қоятошларга солинган қадимий ёзув ва расмларни ўрганиб, қадимда боболаримиз турмуш тарзи, ҳунармандлиги асосида магистрлик илмий ишимни ёзаяпман. Осмондан тушдингизми ёки қоятошлар ёриғидан чиқдингизми, илгари ҳам келганман, сизни учратмагандим. Сарви қомат паризод, энди ишларим юришиб кетадиганга ўхшайди.. Менга ёрдам берасиз-а.
-Мен тоғнинг қизи, сиз эса олимсиз, қандай ёрдам бераоламан,- деди Тожихон чиройли табассум қилиб. Улар тоғ сўқмоқлари бўйлаб юришаркан, бир жойда Хумсон деб ёзилган тошга кўзлари тушди. Отнинг юганидан тутиб, спортчилардек ўйноқлаб бораётган қиз йигитга қаради, Музаффарнинг кулгичларида чап тарафида кичик холини кўрди. Ярашиб турибди.
-Сиз қоятошлардаги расм ва белгиларни, бу ҳудуд тарихини билсангиз менга гапириб берасиз.
-Табиат бу мўъжаз маскандан ўз сеҳрию меҳрини аямаган, булоқлари, чинорлари кўп, - дея ҳикоя қилди Тожихон. - Хумсон Бўстонлиқ туманининг энг чекка қишлоғи, бизнинг,боболаримизнинг қадим макони. Отам тарихчи,қадимшунос олимлар бу ерларга келганида уйимизда меҳмон бўладилар.Масалан, қишлоқнинг номини ҳам хум - қизил, сун - тоғ, деб номлашган.Бу атаманинг қишлоққа мослик томони ҳам бор. Чунки, унга Чорбоғ томондан кираверишда ҳақиқатан ҳам Ўгам дарёси баланд қирғоғининг ранги қизғиш. Бу атама этимологиясининг қишлоқ номи "хум" ва "санг", яъни хум - идиш, санг -тош сўзларидан олинган деган иккинчи тахмини ҳам бор.
-Бу не ажаб, бир дўхтир қиз шунча тарихни билсаю шарҳласа! Бу сўзларни илмий ишимга киритиб мазмунини бойитаман. Раҳмат! -Йигит беихтиёр қизни меҳрибонларча бағрига босиб, сочларини силади. Қиз ширин энтикди. Шу тобда ўзини бахтиёр ва шодон ҳис этди. Йигитнинг кафтига кафтини қўйди, иссиқ тафт унинг юрагини ловуллатди.
-Қадимда бу юртнинг мусаввиру усталари таърифи Хоразмшоҳлар давлатига ҳам етиб борган, - дея чиройли табассум билан ҳикоясини давом эттирди Тожихон.- Қоятошларга ўйиб ёзадиган тиғли асбоблар Чорбоғ денгизи сувининг остида қолиб кетган мавзеидаги кулолчилик устахоналарида тайёрланган. Матолар тўқиладиган, айниқса, Самарқанднинг кумуш ип қўшиб тўқиладиган сиймгунига ўхшатиб ошланадиган шойи мато заргун ҳам шу мавзеда тўқилган ва шаҳардан ўтган карвонлар орқали бошқа юртларга, Самарқанду Бухоро, Хоразм элларига юборилган.
Мзаффар бу сўзларни қулоғига қуйиб оларди. Илмий иши мавзуси шу қадар мазмун билан бойийдиган бўлдики, учратгани Тожихондан миннатдор бўлиб уни яна елкаси узра бағрига босди.
-Кеч бўлиб қолди, отам хавотир олади,- ёқимли табассум қилди қиз.- Сиз билан танишганимдан кўнглим шодликка тўлди. Хайр...
Музаффар қизни кузатиб, ортидан то сойлиққа тушгунича қараб турди. Сўнг машинасини ўт олдириб йўлга туши.Ҳозиргина кечган ширин лаҳзалар унинг Бўстонлиқ тоғларига сочилган ишқ - муҳаббатимикан, хаёлида чарх ураётган воқеалар шаҳарга институт ётоқхонасига келганида ҳам тарк этмади.

Убай ҚОДИР


Дата добавления: 21/06/2020 10:42;   Просмотров: 741
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку