Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТИРИК ЕТИМ ЭМАС, ТИРИК ЕТИМДЕК

Ўзлари ҳаёт аммо бирга яшамайдиган, ажрашган ота-оналарнинг фарзандлари ва етим бўлмасада, маълум сабаблар туфайли бугун меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болаларнинг ҳам ягона орзуси ота-онасининг бағрида, уларнинг меҳридан баҳра олиб яшашдир. Ота-она меҳрига ташналик уларнинг қалб кемтиги бўлса, тирик етимлик эса гўё тақдир тамғаси.

Хўш, улардан фарқли ўлароқ ота-онаси тирик бироқ, йиллар давомида чет элда бўлганлиги боис бобо-бувиси ёки яқин қариндошларининг қарамоғида улғаяётган фарзандларнинг меҳрга ташна бўлиб, уларни соғиниб яшаётганлиги-чи тирик етимлик эмасми? Эътибор берадиган бўлсак, уларнинг ҳис туйғулари, асл тирик етимларнинг қалб кечинмаларига ўхшаб кетади. "Менга ота-онамнинг пули эмас, ўзи керак, қани эди ёнимда бўлса..." кўпчилигининг юрак ҳайқириғи шу аслида.
Эҳтимол, бу сўз кимларнингдир кўнглига оғир ботар, яна кимнингдир энсаси қотиб, бечора ота-она нима қилсин ахир, шу фарзандларини деб мусофир юртда-ку дер ўзича.
Дарҳақиқат, шундай, ота-она вояга етаётган ўғил-қизларининг келажаги учун чет элда. Ўзига-ўзи гўё шу тариқа таскин беради боласидан узоқда бўлган ота-оналар ҳам фикри шу. Лекин еб-ичиши, кийиниши, умуман моддий томондан ҳеч бир кам-кўсти йўқ ҳаётига ҳавас қилса арзийдиган фарзандлар учун худди меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари сингари фақат ота-она меҳри-муҳаббати етишмайди, халос.
Фарзанд ҳаётнинг улуғ неъмати экан бу меванинг боғбони албатта ота-она ҳисобланади. Бобою, буви амма-холалар бераётган меҳр асл боғбоннинг эътиборичалик бўла олганида эди, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари "Бизнинг ҳамма нарсамиз бор, фақатгина ўз ота-онамиз йўқ" деб айтмаган бўларди Ахир, уларга тарбиячилар ҳам худди ўз фарзандидек меҳр кўрсатиб келаяпти-ку.
Ўз вақтида берилмаган меҳрдан келажакда қандай жавоб кутаяпсиз. Кун келиб меҳри сиз учун гўё бегонадек бўлиб қолган фарзандларингизнинг сизга муносабатини кўриб ўтган вақтни орқага қайтаргингиз келмайди, деб ишонч билан айта оласизми ёки...?

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 13/09/2019 17:27;   Просмотров: 781
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку