Бугунги кунда ер шарининг кўплаб минтақаларида, ҳаттоки энг ривожланган давлатларда ҳам сиёсий парокандалик, ўзаро зиддиятлар юз бераётгани, бундай нотинчликлар иқтисодий инқирозларга олиб келиб, инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини сўндираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ана шундай таҳликали шароитда муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона, тинчликпарвар сиёсат туфайли юртимиз тинч, ҳар бир фуқаронинг эрки ва ҳуқуқи кафолатланган.
Халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ҳам янгидан янги дастур ва режалар асосида ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилдан бошлаб жиноят содир этилмаётган маҳалла профилактика инспекторининг ойлик иш ҳақига 50 фоиз устама қўшиб берилиши, аксинча, ўз ҳудудида жиноятнинг кўпайишига йўл қўйган профилактика инспекторининг ойлигидан эса 50 фоиз чегирма қилиниши йўлга қўйилди. Бу эса жиноятчиликни сезиларли даражада камайишига омил бўляпти. Таҳлилларда аниқланишича, 2018 йилнинг 11 ойи давомида туманда умумий жиноятлар сони 221 та қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 156 тага камайган. Жумладан, ўта оғир жиноятлар 14 та, оғир жиноятлар 33 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар 44 тага камайишига эришилди. Албатта, профилактик тадбирларни тўғри ташкил этиш, аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб борилиши ўз самарасини бермай қўймайди.
Бундан ташқари, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Шу асосда аҳоли учун мақбул бўлган усуллар - "ишонч телефонлари" ва тезкор алоқа телефонлари орқали ҳамда видеоконференцалоқа воситасида мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.
Тумандаги мутасадди идора раҳбарлари томонидан ҳам доимий равишда сайёр қабуллар ташкиллаштириб келинмоқда. Биргина туман Прокуратурасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 955 та мурожаатлар бевосита кўриб чиқилиб, ўрганилган бўлса, уларнинг 134 таси қаноатлантирилди ва 122 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокуратура ходимлари томонидан 518 нафар фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларнинг муаммолари жойида бартараф этилди.
Шу каби Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидаги қатъий амал қилинган ҳолда йил давомида бир қатор ишлар бажарилди. Хусусан, таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича доимий назорат амалга ошириб келинмоқда.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунгидек доруломон кунларни қадрига етиб, шукроналик билан яшаш, тинчлик ва осудаликни ҳаётимиз кўркига айлантириб, фаровон ҳаёт кечириш ўзимизга боғлиқлигини унутмаслик лозим.
Х.МАРДИЕВ,
туман прокурори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.