Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИКНИ САҚЛАШ - ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФАДИР

АБДУРАСУЛ СУЛАЙМОНОВ:

Мустақил юртимиздаги барча соҳалар каби ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг тинчлик-осойишталигини муносиб ҳимоя қилишдир.
Хўш, ички ишлар органлари ходимлари олдига қўйилган вазифалар қай даражада бажарилмоқда? Бу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида туман ички ишлар бўлими бошлиғи полковник Абдурасул Сулаймонов билан суҳбатлашдик:

– Ўтган йилнинг апрель ойида муҳтарам Юртбошимизнинг ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш тўғрисидаги фармони қабул қилинди, - деди Абдурасул Комилхонович, - унда соҳамизни «халқ манфаатларига хизмат қилишни ўз хизмат бурчи» деб биладиган ижтимоий йўналтирилган тузилмага айлантириш вазифаси белгилаб берилди.
– Ҳурматли Абдурасул Комилхонович, сизнингча, халқ манфаатларига хизмат қилиш нимани англатади?
– Бу тушунчанинг доираси кенг бўлиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ватанимиз тақдири ва келажаги, халқимизнинг бахту камоли каби олижаноб мақсадлар йўлида барчамиз белни маҳкам боғлаб ишлашимизни, бор ақл-заковат, билим ва тажрибамизни, юртимизга меҳр ва садоқатимизни сафарбар этишимизни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади.
Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасига эътибор кучайтирилгани жиноятчилик камайишига замин яратди. Осойишталик барқарорлиги жамият ривожига хизмат қилмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
Сизнинг маълумотингизга шуни етказиш лозимки, 2017 йил 10 апрелда давлатимиз раҳбарининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилинди ва биз Ички ишлар идоралари ходимларининг келгусидаги бир қатор вазифаларимиз белгилаб берилди.
– Ушбу Фармон туман ички ишлар органлари тизимида қандай бажарилмоқда?
– Муҳтарам Президентимизнинг ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган фармони тизимда ислоҳотларнинг тамоман янги босқичини бошлаб берди, – Фармонда тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи, деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси белгилаб берилди.
– Жиноятларни тергов қилиш жараёнига қандай янгиликлар киритилди?
– Барча соҳавий хизматлари қатори тергов бўлимларида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.
Масалан, туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида сўроқ қилиш жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио-видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган замонавий махсус хоналар ташкил этилди.
Бу, энг аввало, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилиши ҳамда қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, тергов қилиш жараёнида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда далиллар мақбуллиги талабларига қатъий риоя қилишга эътибор кучайди. Жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Тергов жараёнларини ислоҳ қилишда Президентимизнинг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Жиноятлар асосан кимлар томонидан содир этилмоқда ва бунинг сабаблари нимада?
– Биз туманимизда содир этилган жиноятларни таҳлил қилганда жиноятларни асосан спиртли ичимликларга ружу қўйганлар, гиёҳвандлар, нотинч оилалар, илгари судланганлар, ўзаро низолари мавжуд бўлган шахслар ҳамда аниқ бир иш фаолияти билан шуғулланмаётган шахслар томонидан содир этилаётгани маълум бўлмоқда. Айрим маҳаллаларда бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар иштирок этаётгани янада ачинарли ҳолат. Аммо қайд этилган ҳар бир жиноят ва қонунбузарлик маҳалла ва ўқув муассасаларида аҳоли ва ёшлар иштирокида кенг муҳокама этилмоқда. Мақсад, жиноятга қўл урган шахс ўз яшаш жойи ва жамоаси олдида қилмишидан пушаймон бўлсин, тегишли хулоса чиқарсин ва албатта, бошқаларга дарс бўлсин.
Бироқ, жиноятлар содир этилишининг асосий сабаблари ички ишлар ходимлари, махалла фаоллари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликлари етарли даражада олиб борилмаётганлиги, жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари сустлиги, профилактик ишларнинг олиб борилиши талаб даражасида эмаслигидадир.
– Аср вабоси - гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Сир эмас, гиёҳвандлик билан боғлик жиноятлар ҳали ҳам халқ ичида давом этиб келаётганлиги ачинарли ҳолатдир. Жорий йил 9 ой мобайнида туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида 33 та гиёҳвандлик билан боғлик ҳолатлар аниқланиб, ушбу жиноятга қўл урган барча шахслар жавобгарликка тортилиб қилмишларига яраша жазо олишди. Май-июнь ва август-сентябрь ойларида профилактика мақсадида икки босқичда «Қорадори - 2018» тадбирлари ўтказилди. Бундан ташқари, халқ таълими бўлими, соғлиқни сақлаш, спорт, маҳалла, «Сиёвуш» байналмиллал-жангчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ёшлар орасида профилактик тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
– Бизнинг жозибадор Самарқандимиз сайёҳлар маконига айланмоқда. Хавфсиз туризмни таъминлаш борасида ички ишлар органларига масъулиятли вазифалар берилди?
– Хавфсиз туризм йўналиши бўйича туманимизнинг Хожа Аҳрор Валий жомеъ масжиди ҳамда Нодир Мухаммад Девонбеги мадрасасига чет элдан сайёҳлар ташрифи муносабати билан бу муқаддас жойларда юқори сифатли видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, доимий равишда бизнинг ходимлар томонидан патруль-пост хизматлари ташкил этилди.
– Профилактика инспекторлари ҳамиша халқ орасида, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ишончни оқлаяпти дейиш қийин...
– Туман ИИБда хизмат олиб борувчи профилактика инспекторларининг аксарияти ёш ходимларни ташкил этиши муносабати билан ёш профилактика инспекторларига кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган тажрибали, малакали ходимларни мураббий этиб бириктирганмиз, мураббийлар томонидан ёш ходимларга иш услублари ўргатиб келинмоқда.
Аммо туман ИИБ профилактика инспекторлари туман ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида бошка соҳа хизматлари билан ҳамкорликда тегишли профилактик огоҳлантирув ишлар олиб боришлари натижасида туман ҳудудида умумий жиноятчилик аҳволи ўтган йилга қараганда 39,2 фоизга камайган. Лекин туманнинг айрим маҳаллаларида профилактика инспекторлари, МФЙ фаоллари ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик етарли даражада олиб борилмаётганлиги оқибатида Пулимуғоб, Ражабамин, Қуйи Арабхона, Юқори Қайнама, Заҳлик, Ипакчи маҳаллаларида жиноятлар ошишига йўл қўйилди.
Давлат идоралари ва жамоатчилик тузилмаларининг ушбу йўналишдаги бирлаштирилиши орқали фаолиятимиз таъсирчанлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди ва бу амалиёт ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

– Паспорт, хорижга чиқиш ва келиш билан боғлик жараёнлар фуқароларнинг энг кўп иши тушадиган соҳадир. Мазкур тизимда фуқароларга замонавий қулайликлар яратилганлиги ҳақида гапириб берсангиз.
– Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналиши бўйича аҳолига кўрсатиладиган давлат хизмат турларига қараб тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини олиш учун фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, "Telegram" ижтимоий тармоғида Migratsiya_Samarqand ботида зарур бўладиган ариза, бланклар ҳамда бошқа зарурий ҳужжатлар рўйхатини олиш имкони мавжудлиги тўғрисида ахборот маълумотлари жойлаштирилди.
Бундан ташқари, янгиланган веб-сайт орқали биометрик ҳужжат олиш учун электрон навбатга қўйиш, ҳужжатларни олиш учун давлат божини "CLICK" электрон тизими орқали тўлашнинг имконияти яратилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан йиллар давомида муаммо бўлиб келган масалалар ҳал қилиниб,туманда истиқомат қилувчи 5 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндилар.
Шунингдек, туман худудига хорижий давлатлардан кириб келган жами 752 нафар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олинди.
Туманимиз ҳудудида бўлиш қоидаларини бузиб яшаб келган жами 32 нафар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар аниқланган бўлиб, уларнинг 13 нафарига жарима қўлланилиб, 2 нафари огоҳлантирилди ва 16 нафари ўрнатилган тартибда туманимиз ва республикамиз ҳудудидан чиқариб юборилди.
– Хавфсизликни таъминлашда қўриқлаш хизматининг аҳамияти каттадир, шундай эмасми?
– Туман ИИБга бевосита бўйсинувчи қўриқлаш бўлимида подполковник Фарҳод Отабоев бошчилигида ходимлар хизмат олиб борилиб, ҳозирги вақтда қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан туманимизнинг 3 та банк, 2 та мини банк 2 та судларда хизмат олиб борилмоқда Жорий йилда Қўриқлаш хизматида "Техник қўриқлаш пункти" ва "Тунги йўналишдаги қўриқлов хизмати" янгитдан ташкил этилиб, Техник қўриқлаш пункти хизматида кўп қаватли уйлардан 25 та хонадон ва 3 та ҳовлилар шартнома асосида қўриқловга олинди, ундан ташқари, Оқмачит МФЙда тунги йўналишда қўриқлаш хизмат йўлга қўйилиб, унда жами 39 та объектлар шартома ассосида қўриқловга олиниб ходимлар томонидан намунали тарзда хизмат қилмоқда.
– Йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Жорий йилда туман ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Туман ҳудудидан ўтувчи Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Янгиариқ-1 МФЙ ҳудудидан ўтган А-378 "Самарқанд-Қарши" автомобиль йўлининг 7.5 км.да, М-37А Самарқанд Ҳалқа автомобиль йўлининг 4 км да ҳамда Янгиариқ-6 МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 "Тошкент-Термез" автомобиль йўлининг 1095 км.да "Ласетти" русумли автомашина макетига ўрнатилган 4 дона "Муляж"лар ҳамда Ўрташиқ МФЙ ҳудудидан ўтган "Самарқанд-Қарши" автомобиль йўлининг 3 км да 16-мактаб олдида, Туркман, Оқмачит ҳамда Ангаралмос маҳаллаларида "Светофор" мосламаси ўрнатилди.
Самарқанд тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 "Самарқанд-Қарши" автомобиль йўлининг 8 км да, М-37А Самарқанд Ҳалқа автомобиль йўлининг 0 км да ҳамда М-39 "Тошкент-Термез" автомобиль йўлининг 1095 км да ёниб-ўчувчи (маргаюший) светофор ўрнатилди.
Ундан ташқари, туман ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили асосида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти тезликни ошириш натижасида содир этилаётганлигини инобатга олган ҳолда М-39 "Тошкент-Термез" автомобиль йўлининг 1083 км да йўлнинг ҳар иккала томонида 1099-100 км ларида бир донадан (чап-ўнгда), А-378 Самарқанд-Қарши" автомобиль йўлининг 88км да, 12-14 км ларида бир донадан, 4к565 "Самарқанд-Кимёгарлар қўрғони автомобиль йўлининг 2 км.да (Бухори) 4 км (Туркман) маҳалласида 1 донадан 4к566 "Самарқанд-Хишрав" автомобиль йўлининг 2 чи 4 кмларида фоторадарлар ўрнатилиб, ҳозирги кунда фаолият олиб борилмоқда.
– Сиз ходимларингиздан кимлар билан фахрланасиз?
– Бўлимда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлаётганлар кўпчиликни тшкил қилади. Профилактика катта инспектори, подполковник Муҳиддин Облоқулов, фуқаролар хавфсизлиги, жамоат тартибини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишдаги кўп йиллик хизмати учун туман ИИБ ташкилий бўлинма бошлиғи майор Санжар Аҳадов, менинг биринчи ўринбосарим Фаррух Аҳмедов, катта инспектор навбатчи майор Шодиқул Комилов, Оҳалик ҳудудидаги профилактика катта инспектори майор Сўҳроб Шербеков, ҳайдовчи Жўрабек Раҳматов, терроризм-экстремизмга қарши курашиш катта тезкор вакили майор Азамат Мустафоев, жиноят -қидирув катта тезкор вакили капитан Ўктам Холиқов, тергов бўлими ходими Аъзам Маҳмудов, Акбар Тўйчиев, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи майор Алишер Нормаматов, паспорт бўлинмаси ходими, катта сержант Мизроб Собиров, сержант Қосим Маърупов, кадрлар гуруҳи катта инспектори капитан Азизбек Омонов ва бошқалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
– Абдурасул Комилхонович, сизнинг истакларингиз?
– Энг муҳим вазифамиз - тинчлик ва осойишталикни сақлашдир. Бу ишга бизларнинг аҳил ва кўп миллатли жамоамиз камарбаста. Чунки халқнинг ишончини оқлаш, соҳани чинакам халқпарвар тизимига айлантириш пировард мақсадимиздир. Имкониятдан фойдаланиб, газета орқали ички-ишлар ходимларини, нафақадаги муҳтарам акалар ва отахонларни касб байрамлари билан чин кўнгилдан табриклайман Ҳар бир хонадонда бахт - саодат, тинчлик-омонлик ҳукмрон бўлсин.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.
Суратлар муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Дата добавления: 19/10/2018 14:39;   Просмотров: 1065
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку