Маҳалламизда ободончилиг-у фаровонликка, ёш авлод тарбиясига ўз ҳиссасини қўшаётган нуронийлар кўпчиликни ташкил этади. 70 ёшдан ошган ва деҳқончиликни касб қилиб олган Шоди бобо Мастонов ана шундайлардан бўлиб, у киши ҳали ҳам елкасидаги кетмонини ерга қўйган эмас.
Отахон ҳовлисига кирсангиз ўзингизни жаннатга киргандек ҳис этасиз. 6 сотих ерда ҳамма нарса бор. Бир томонда турли хилдаги гуллар очилган, бошқа томонда сабзавот экинлари ҳосилга кирган, хуллас, бўш жойни кўрмайсиз. Оғилда эса сигир ва қўйлар кавшалиб, элликдан ортиқ товуқлар эса катакда дон чўқиб юрибди. Шоди бобонинг ўғиллари, келин ва набиралари бири қўйиб бири қарайди.
– Рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмайди, – дейди Шоди бобо Мастонов. – Ўз томорқангиздан ҳамма нарса чиқса, ёмонми? Оллоҳга шукр! Картошка, карам, сабзи, помидор, бақлажон ва кўкат ўзимизда бор. Тухум ва гўшт ҳам сотиб олмаймиз. Буни яхши тушунган фарзандларим ҳам ишдан кейин томорқада ишлаб, ҳар йили 4-5 миллион сўм даромад қилишади. Негаки, маҳсулотларнинг ортганини қўни-қўшниларга илинамиз, бозорга чиқариб сотамиз. Маҳмуд Бобораҳимов, Даврон Обрўев, Акобир Давронов, Фавзия Суярқулова каби қўшниларимиз ҳам биздан ибрат олиб, томорқаларида турли хилдаги сабзавот экинлари экиб, парваришини оби-тобида олиб боришади. Шунинг учун дастархонлари тўкин-сочин.
Дарҳақиқат, Юқори Арабхона маҳалласида бундай томорқачи оилалар жуда кўп. Хонадон саранжом-саришта бўлса, маҳалла ҳам обод бўлади, деганларидек, аҳоли нафақат ўз хонадонлари, маҳалла ободлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бу гўшадаги 2 та чойхона, 2 та сартарошхона, битта ошхона, 2 та гўшт, 2 та озиқ-овқат дўконларининг ҳаммаси ҳам халқ ҳашари билан барпо этилган. Айни пайтда улар аҳолига беминнат хизмат қилиб, барчанинг эътиборига сазовор бўлмоқда. Маҳала фуқаролар йиғини раиси Равшан Истатқулов, фермер Қаҳрамон Суяров саъй-ҳаракатлари билан 2 км. йўл асфальт қилинди, ариқлар тозаланди, ободончилик яхши йўлга қўйилди. Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан нуронийлар, Афғон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинди, бир пиёла чой ташкил этилиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинди.
Бундан ташқари, маҳалла оқсоқоли ва фермер бошчилигида маҳалла фаоллари 90 ёшли Жўрақул Холиқов, 85 ёшли Саттор Хўжов, Шукрулло Шомуродов, 70 ёшли Эсоқул Муродов, Кенжа Эшонқулов, Ҳамроқул Содиқов, 94 ёшли Меҳри Ҳомидова ва бошқалар ҳолидан хабар олишди, совғалар улашишди.
Умуман олганда, маҳаллада ҳар бир иш яхши ташкил этилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, аҳоли ўртасида тотувлик, фаровонликни таъминлаш изчиллик билан амалга ошириляпти.
Саъдулла ОДИЛОВ
Халқ таълими аълочиси, Юқори Арабхона маҳалласи фаоли
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.