Баъзида бепарволик ва лоқайдлик сабаб ҳамда фуқароларимизнинг техника хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари, ёш болаларни уйда ёлғиз қолдириб кетишлари оқибатида содир бўлаётган ёнғинлар афсуски, кўп ҳолларда аянчли ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
Бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, аҳолини огоҳлик ва хушёрликка даъват қилиш, назоратни кучайтириш мақсадида ЁХБ ходимлари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Айни пайтда муассасамиз ходимлари "Ўзбекистон Республикасининг ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги қонуни ижросини таъминлаш борасида туман ҳудудида аҳоли хонадонлари, корхона, ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назоратга олиб ёнғин содир бўлиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Жумладан, 2019 йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида туман ҳудудида жойлашган 275 та корхона, ташкилот ва халқ хўжалигининг турли жабҳаларини ёнғин хавфсизлиги ҳолати батафсил ўрганилиб, маскан раҳбарларига ЁХБ ходимлари томонидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, хонадонларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши ва тан жароҳати олиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида 7174 та аҳоли турар-жойларида назорат ўтказилиб, 158558 нафар фуқароларга йўриқнома ва эслатмалар тарқатилди.
Ўтказилган текширувлар жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 120 нафар жавобгар шахс ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди. Ёнғин чиқиш хавфи мумкин бўлган 17 та корхона, ташкилот ва муассасаларни иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ҳамда 416 та носоз газ, электр иситиш асбоб-ускуналаридан фойдаланишлари тақиқланди.
Албатта, олиб борилаётган ишлар бўйича амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларининг самарали натижа бериши учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга ҳар биримиз масъулмиз.
М.Ф. Келдиёров, туман ЁХБ инспектори, лейтенант
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.