Бахтиёр Ҳалимов ўзининг бошқарувидаги "Лабо" русумли 30 V 553 ДА давлат рақамига эга автомашинасида ўтган йилнинг 1 октябрь куни тунги соат 23:00 ларда «Ўзбеккенти» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 Тошкент-Бухоро автомобиль йўлининг 6 км.да тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланаётган пайтда йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда Марат Джулеймановни туртиб юбориб, йўл транспорт ҳодисасини содир этади. Бунинг оқибатида Марат Джулейманов оғир тан жароҳати олиб, ҳуқуқбузар томонидан зудлик билан шифохонага олиб борилади.
Тиббий экспертизаларнинг хулосасига кўра жабрланувчи Марат Джулеймановнинг танасида ички қон кетиши ва жароҳатдан кейинги шок билан кечган талоқнинг ёрилиши ҳамда плевра бўшлиғига эркин ҳаво ва қоннинг йиғилиши билан асоратлашган кўкрак қафаси чап томонидан тўртинчи-тўққизинчи қовурғаларининг синиб силжиши, бош мия лат ейиши каби хавфли бўлган тан жароҳатлари олганлиги маълум бўлади.
2018 йил 5 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича туман судининг «Хожа Аҳрор Вали-2» маҳалласи биносида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Бахтиёр Ҳалимовнинг ушбу жиноий хатти-ҳаракатлари муҳокама этилди.
Суд мажлисида гумонланувчи Б.Ҳалимов ўз айбига тўлиқ иқрор эканлиги, қилган ишидан қаттиқ пушаймон эканлигини билдирди.Жабрланувчи М.Джулеймонов Б.Ҳалимов билан ўзаро муросага келишиб олганлиги, айни пайтда ундан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди.
Шундан сўнг суд Б.Ҳалимовнинг айбига ўз ихтиёри билан иқрор эканлиги, пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда у билан бирон-бир тазйиқсиз ярашиб олганлиги ҳақидаги кўрсатмасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига кўра жиноят ишини тугатди.
Шу ўринда айтишимиз лозимки, автомобилни бошқаришда нафақат ўзимизнинг, балки йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга мажбурмиз. Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тезликни ошириб ёки йўл қоидаларига амал қилмасдан кимнингдир ҳаётига зомин бўлмайлик.
Д. НУРАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.