Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТЕХНИКА МАВСУМГА ШАЙ

Тумандаги «Гулобод- агротехсервис» машина-трактор парки жамоаси ғалла ўрим-йиғимига пухта тайёргарлик кўришди.

- Туманда 522 та ғаллакор фермер хўжаликлари мавжуд, - дейди мазкур корхона раҳбари Абдулло Метинов, - улар 3 минг 290 гектар ерда дон парвариш қилишди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу йил табиат ўз инжиқлигини кўрсатди. Аммо деҳқонларимиз об-ҳаво муаммоларини кўп йиллик тажрибалари эвазига енгишди.
Сир эмас, айрим фермер хўжалиги раҳбарларининг бепарволиклари туфайли дала ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилди, лекин туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бошчилигидаги масъул мутахассислардан иборат комиссия жойларда бўлиб, камчиликларни бартараф этиш учун амалий ёрдам бердилар. Натижада ҳосил чўғи баланд бўлди.
- Абдулло Қурбонович, айни пайтда қанча техника мавжуд?
- Муҳтарам Президентимиз ғамхўрликлари туфайли кредит орқали хориж давлатларидан янги замонавий комбайнлар олиб келинмоқда. Айни пайтда «Кейс», «Виктория», «Класс-Доминати», «Ньюхолдинг» русумли техникалар Россия, Корея, Голландия ва бошқа давлатлардан келтирилди.
- Қизиқ, уларни кимлар бошқаради?
- Бизда махсус ҳайдовчилик курслари фаолият кўрсатмоқда. Шунинг учун комбайнларни бошқариш учун 60 нафар юқори малакали ҳайдовчилар гувоҳнома олишди.
- Техника иш пайтида, яъни далада носоз бўлиб қолса, ким таъмирлайди?
- Бизда махсус таъмирлаш гуруҳи ташкил этилган. Барча комбайнлар телефон орқали корхонада диспетчер хизматига уланган.
- Сиз билан бирга ишлаётганлардан...
- Механик Саъдулло Хайриддинов кўп йиллардан буён бизнинг соҳада ҳалол меҳнат қилиб келмоқда. Уни техника «профессор»и десак ҳам адашмаймиз. Иқтисодчи Замира Турсунова ҳисоб-китоб ишларини олий даражада билади. Омборхона мудири Юлдуз Ҳамидова эса мавжуд техникани кўз қорачиғидек асраш ва унумли фойдаланиш учун жонбозлик кўрсатмоқда.
- Абдулло Қурбонович, қандай тилак истакларингиз бор?
- Ғалла-ризқ-рўзимиз. Уни нест-нобуд қилмасдан ўриб олиш ҳам қарз, ҳам фарз. Фермерларга «Хирмонга барака!» дейман.

З.ҲАСАНЗОДА


Дата добавления: 22/06/2018 14:34;   Просмотров: 1207
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку