Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМ ХАВФИ ОЛДИНИ ОЛИШ

Маълумки, экстремизм, терроризм, қуроллар ва наркотик моддаларнинг ноқонуний свдоси бутун дунёда, тинчлик, хавфсизликка ва барқарорликка хавф солувчи гобал муаммолар ҳисобланади. Терроризм қандай ниқобда бўлмасин, унинг замирида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, халқнинг меҳнати билан яратилган маданий бойликларни йўқ қилиш туради.

Мавжуд маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, террорчилик ташкилотлари етакчилари томонидан динга эътиқод қилиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда фуқароларни диний ғоясига ўз таъсирини ўтказиб, экстремистик фаолиятларга жалб қилиш ва жамоат аъзолари сафини кенгайтиришга ҳаракат қилиш ҳолатлари кучайиб бормоқда. Дунёда содир бўлаётган мудҳиш воқеалар, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида рўй берган ҳолатлар юзасидан маълумотлар барчамизга маълум. Дунё бўйича содир этилаётган террорчилик ҳаракатлари юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсирини кўрсатиб, мамлакатимиздаги барқарор тинч ҳаётни кўра олмайдиган ташқаридаги ёвуз кучлар томонидан Ўзбекистонда ҳам шу каби ҳолатларни келтириб чиқаришга уринишлар кузатилган. Республикамиз аҳолисининг асосий қисми асрлар оша муқаддас Ислом динига эътиқод қилиб келган халқ эканлигини эътиборга олиб, турли хил ёвуз кучлар халқ манфаатлари ҳамда диний урф-одатларнинг мустақил ҳимоячилари ниқоби остида аҳоли ўртасида, асосан ёшлар орасида, биз учун бегона бўлган экстремистик ғояларни тарғиб этишга уриниб келмоқдалар. Ислом дини азалдан кишиларни ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибатга, хайр-саховат ва яхшиликка даъват этган, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғлаган. Бундай ғоялар инсон баркамоллиги ва жамиятнинг барқарор тараққиётига замин яратган.
Шу қаторда, таъкидлаб ўтиш жоизки, республикамизга турли хилдаги диний маҳсулотларни контрабанда усули билан олиб кириш ҳолатлари ҳам мавжуд. Диний муҳитни янада соғломлаштириш, халқ, айниқса ёшлар орасида диннинг асл мазмун-моҳиятини тўғри тушунтириш мақсадида, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг "Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ва "Ислом нури" газетасини нашр этиш, телевидение орқали "Ҳидоят сари", "Зиё" ва бир қатор диний-маърифий мазмундаги кўрсатувларни намойиш этиб бориш йўлга қуйилди. Шунингдек, интернет тармоғи орқали кўплаб сайтлар фаолияти жорий этилди. Бир сўз билан айтганда терроризм ва экстремизм энг долзарб муаммолардан бири эканлигини инобатга олиб, террорчилик-қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олишда ташкил этилаётган тадбирларимизни янада жадаллаштириш, ҳар биримизда бирор сония ҳушёрликни йўқотмаслик ва алоҳида масъулиятни кучайтиришни тақозо этади.

Р.АБДУЛЛАЕВ


Дата добавления: 27/12/2019 13:39;   Просмотров: 770
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку