Сир эмас, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари юртимизда ҳам сезилмоқда. Жорий йил қиш фаслида ёғингарчиликнинг кам бўлганлиги оқибатида, айниқса, аксарият фермер хўжаликларида сув таъминотининг меъёридан озлиги кузатилаяпти. Ваҳоланки, бундай ноқулай об-ҳаво кейинги 100 йилда ҳам рўй бермаган экан!
Бу эса деҳқондан экин парваришига жиддий эътибор қаратишни, айниқса, агротехник тадбирларни кўп йиллик қишлоқ хўжалиги тажрибалари ва илмий ёндошувлар асосида масъулият билан ташкил этишни тақозо этмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мамлакатимиз фермерларига мурожаати қабул қилинди.
Мурожаатда таъкидланганидек ҳақиқатдан ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигига жуда катта имкониятлар эшиклари очилиб берилмоқда. Мисол учун фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари насос агрегатлари орқали истеъмол қилаётган сувнинг электр энергияси қиймати Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобидан қопланиб берилганлиги ҳозирги сув танқислиги даврида биз фермер ва деҳқонларни албатта руҳлантиради.
Бундай табиат инжиқликлари даврида тадбирли бўлиш, бор сувдан омилкорлик билан фойдаланиш талаб этилади. Нега деганда, бугунги кунда қишлоқ хўжалигининг аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.
Дарҳақиқат, дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон бўлиши бугунги машаққатли меҳнатга боғлиқ.
Шунинг учун Юртбошимиз ишончини оқлаб, мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
У.Хуррамов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.