Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН!

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг кўп миллатли халқи муҳим сиёсий жараён остонасида турибди.

Миллий қонунчилигимиз демократик тамойиллар асосида янада такомиллашаётгани боис, шу йил 22-декабрь куни бўладиган сайловлар очиқ ва ошкоралик тамойили билан ўтиши учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Буни биринчи секторга қарашли Хожа Аҳрори Валий маҳалласидаги 10-сон умумий ўрта таълим мактаб биносида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 837-участка сайлов комиссияси мисолида ҳам билиш мумкин. Биз мактабга келганимизда бу ердаги озодаликка, ёритиш мосламалари ўрнатилганлиги ва энг муҳими, сайлов комиссияси хонаси дид билан безатилгани, зарур мебеллар, оргтехника воситалари билан таъминланганлиги диққатимизни тортди. Давлат байроғи ва герби, сайлов санасига бағишланган плакатлар, комиссия аъзолари таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, ишонч телефони ҳамда сайловга доир қўлланма ва адабиётлар борлиги таҳсинга лойиқ. Сайлов комиссияси томонидан олиб борилаётган тайёргарлик ишлари хусусида комиссия раиси Шоҳрух Шамсиддинов билан суҳбатлашдик.
- Бизнинг участка сайлов комиссиямизга 11 нафар аъзо сайланди, - деди Шоҳрух Алоҳиддинович. - Биринчи ташкилий йиғилишда иш режамиз тасдиқланди. Аъзоларимиздан уч нафари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб турган вазифасидан вақтинча озод этилиб, участка сайлов комиссиясида доимий фаолият юритиш учун жалб қилинди. Комиссия аъзоларидан Шерзод Исмоилов, Мунаввара Мустафоқулова, Сайёра Ғаниева, Мамлакат Усмонова, Ўткир Зиёев, Ориф Шодиев ва бошқалар зиммаларидаги вазифаларини садоқат билан бажармоқдалар. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати Сайлов кодексидаги муҳим янгилик, инновация дейиш мумкин. Мақсад, "Бир сайловчи - бир овоз" принципини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат.
- Шоҳрухжон, сайловчилар рўйхати қандай тузилмоқда?
- Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтида мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилди. Ҳудудимизда вақтинчалик яшаётган фуқаролар бўлса, уларнинг овоз бериш куни ушбу манзилда бўлиши ёки бўлмаслиги ўзаро суҳбат чоғида аниқланади. Овоз бериш сайлов куни маҳаллий вақт билан соат 8-00 дан 20-00 га қадар амалга оширилади. Хуллас, ушбу муҳим сиёсий тадбирни мамлакатимиз қонунчилигининг демократик қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиб, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, албатта, бош вазифадир. Жараённинг "Янги Ўзбекистон-Янги сайловлар!" шиори остида ташкил этилишида катта маъно бор. Айниқса, хорижий ва маҳаллий кузатувчиларнинг фаол иштирок этиши сайловнинг умумийлик, тенглик, овоз беришнинг яширинлиги, эркинлиги, адолат ва масъуллик каби демократик тамойилларга риоя этилишини таъминлайди. Шунингдек, биз биринчи сектордан ташқари, иккинчи, учинчи ва тўртинчи секторлар ҳудудида ҳам ташриф буюриб, сайловга тайёргарлик кўриш қониқарли эканлигига гувоҳ бўлдик.

Гулчеҳра РАҲМОНОВА,
10-умум ўрта
таълим мактаби ўқитувчиси


Последнее редактирование: 12/12/2019 14:57;   Просмотров: 856
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку