Календарь (тақвим) - йил, ой, ҳафта ва кунларни ҳисоблаш тизимидан иборат эканлигини ҳаммамиз ҳам жуда яхши биламиз. Аммо Қуёш ва Ой сайёраларнинг кўринма ҳаракати кун ва туннинг алмашувини, бу жараёнларнинг ва фаслларнинг даврий такрорланиб туриши қадим ўтмишда яшаб ўтган аждодларимизни календарь (тақвим) ларни тузиш эҳтиёжини туғдирган. Календарь ҳисобини асоси қилиб йил, йил эса ойларга, ой эса кунларга бўлиниб учта астраномик ҳодисага асосланган, яъни ерни қуёш атрофида айланиши, ойнинг ер атрофида айланиши, ернинг ўз ўқи атрофида айланиши билан боғлиқ. Эрамиздан 46 йил илгари Юнон астраноми Созиген таклифига кўра Рим императори Юлий Цезарь қадимги Рим календарини қонунлаштирган эди. Бу календарни ўз даврида Юлий Цезарь шарафига Юлиан календари деб аташган.
1582 йилда Рим папаси Григорий XIII юлиан календарини ислоҳ қилади. Чунки, юлиан календарида йил саноғи ҳақиқий Қуёш йилидан тахминан 11 минут 14 секунд кўп эди. Григорий XIII даврига келиб бу фарқ 10 суткага етган эди. Шунинг учун баҳорги тенг кунлик 11 март кунига тўғри келиб қолганди. Бу номуносибликлар християнларнинг ҳам диний байрамларини белгилашда чалкашликларни келтириб чиқарар эди, шу боисдан Рим папаси Григорий XIII 1582 йилнинг 24 февралида италиялик врач ва математик Луиджи Луллио лойиҳаси бўйича Юлий календари ислоҳатини ўтказади ва қўйидаги ўзгартиришларни киритади:
1. 1582 йилнинг 4 октябри 15 октябрь деб ҳисоблансин.
2. Баҳорги тенг кунлик 21 март куни этиб белгилансин.
3. 4 (soniga) сонига бўлинадиган йиллар 366 куни ташкил этиб кабиса йили деб ҳисоблансин.
4. 4 сонига бўлинмайдиган йиллар оддий йил ҳисобланиб 365 кунни ташкил қилсин.
Бу тузилган Григорий календари XVI асрдан бошлаб дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошлади. Бизнинг ҳам Ўзбекистонимизда у 1918 йилни 14 февралидан қўлланилиб келмоқда. 1079 йилда Умар Хайём бошчилигидаги математик ва астроном олимлар янги календарни тузиб чиқдилар. Бу календарда 8 кабиса йили 32 йилда эмас балки 33 йилга ўтади, бунинг натижасида ҳар йили 19 секунда фарқ қилиб 4500 йилда 1суткага хатога йўл қўйилади. Григорий календарида эса бу хато 3300 йилда 1 суткага етади. Бу эса Умар Хайём календари Григорий календарига нисбатан аниқроқ тузилганлигини исботлайди. Календардаги ойларнинг номлари ҳам лотин сўзларидан олинган бўлиб, дастлабки Юлий Цезарь томонидан тузилган календарда ойлар сони 10 тадан иборат бўлиб, йил боши март ойидан бошланар эди. Баъзи ойлар 30 кундан кўпроқ бўлган.
Март «матриусс» - бу уруш худоси «Марс» қизил сайёра номидан олинган.
Апрел - «Апрелис» сўзидан олинган бўлиб «очилиш» маъносини бериб яъни дарахтларнинг куртакларини очилиш ойи.
Май ойи - «Майус» гуллаш худоси номига атаб қўйилган.
Июнь - «Июнис» - юнон худоси номидан олинган.
Июль - «Июлиус» Юлий Цезарь номига атаб қуйилган.
Август - «Аугустус» - император Августа номидан олиб қўйилган.
Сентябрь - «сентембер» тартиб бўйича еттинчи ой.
Октябрь - «октабер» тартиб бўйича саккизинчи ой.
Ноябрь - «новембер» тартиб бўйича тўққизинчи ой.
Декабрь - « десембер» тартиб бўйича ўнинчи ой.
Кейинчалик ойлар сони иккитага оширилди янги ойлар март ойидан олдинига қуйилиб қўйидагича аталган.
Январь - «Януариус» - Янус» номидан олинган бўлиб яъни «очиқ» эшик худоси маъносини англатади ва бу ой йилни бошлайдиган ёки «покланиш» ойи деб ҳам ҳисобланади.
Февраль - «Фебруариус - фебрум» сўзидан олинган бўлиб - «ҳалолланиш» маъносини англатади. Шундай қилиб 1 йил 12 ойни ташкил қилган. Календарь сўзи ҳам лотинча сўздан олинган бўлиб «календарим» сўздан келиб чиққан. Бу сўзни асл маъноси «қарз китоби» демакдир. Қадимги Римда ҳар ойнинг биринчи кунида қарздорлар қарзларини бирор қисмини қарз берган шахсга тўлар эди ва у «календ» дейилар эди. Инсоният тарихида ҳар хил календарлар бўлган: Қуёш, Ой, эски Миср, Юлиано, Мусулмон, Яҳудий, Хитой, Ҳинд ва ҳоказо. Албатта бу календарларнинг ўзига хос ноқулай томонлари ва нуқсонлари бўлган. Кейинги асрлардан бутун дунё давлатлари олдида календарни рационал ишлов қилиш масаласи етиб келди, шу мақсадда 1923 йилда Женева шаҳрида Миллатлар лигасида календарни қайта ишлов қилиш Халқаро ишчи гуруҳи тузилди ва улар томонидан юзлаб календарлар ўрганилди. Ишчи гуруҳ бутун дунёга ягона бўлган халқаро календарь лойиҳасини тузиб чиқдилар. Бу лойиҳа қўйидаги принципдан иборат эди:
1. Йил иккига бўлиниб ҳар бир ярми 182 кунни ташкил этади.
2. Йил 4 кварталдан иборат бўлиб, ҳар бир квартал 91 кунни ташкил этади.
3. Ҳар бир квартал 3 ойдан иборат бўлиб, биринчи ойи 31 кун, қолган икки ой 30 кундан иборат.
4. Йилнинг биринчи куни доимо якшанба кунига тўғри келади.
5. Ҳар бир квартал 13 ҳафтани ташкил этади.
6. Ҳар бир квартал якшанба кунидан бошланиб шанба кунига тамом бўлади.
Бу лойиҳа дунёни кўплаб мамлакатлари томонидан маъқулланмади. Григорий XIII календарни ислоҳ қилиши астраномик вақтга яқинлаштирилган бўлса ҳамки календарни ички тузулишидаги ойлардаги кунлар сони бир хил эмаслиги, ҳафтанинг ойлар ичида бўлиниб кетиши каби ноқулайликлар сақланиб қолган. Шунинг учун мукаммал календарь яратиш ташаббусини 1953 йилда Ҳиндистон ҳукумати томонидан БМТ кенгаш йиғилишига қўйган. Аммо бу лойиҳада ҳафта давомида 2 кун дам олиш кунлари бўлгани учун кўплаб мамлакатлар томонидан маъқуланмади. Календарда йил, ой, ҳафта, кунлар, асосий байрамлар ҳақида ахборотлар, бундан ташқари астрономик ҳодисалар яъни Қуёшнинг чиқиши ва ботиши, яъни Ойни чиқиши, ботиши ва тутулишлари ҳақида маълумотлар ҳам берилади. Ўзбек тилида биринчи босма календарь 1871 йилда Шоҳимардон Иброҳимов томонидан тузилган бўлиб, Тошкентда Туркистон ҳарбий округ босмахонасида чиқарилган, унинг иккинчиси 1782 йилда чиқарилган нусхаси ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланмоқда. Бу календарда астраномик маълумотлардан ташқари бозорлар, давлат банк бўлимлари, Туркистон ва Россиядаги шаҳарларга олиб бораётган йўллар, суд низомлари, почта алоқаси тартиб - қоидалари, бахтсиз ҳодиса рўй берганда кўрсатадиган биринчи тиббий ёрдам ва шунга ўхшаш маълумотлар берилган. Иккинчи жаҳон урушига қадар Ўзбекистонда асосан жадвал календарлари чиқарилган. 1963-1983 йиллар давомида «Ўзбекистон» нашриётидан мунтазам равишда «ўзбекча календар» чиқарилиб, уни тражи 400000 тага етган.
1983-1993 йиллар давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида ташкил этилган «Календарь» бўлимида чиқарилган. 1994 йилдан бошлаб «Ўзбекистон» нашриётида мунтазам равишда варақлама календарь, плакат календарь чиқарилмоқда.
Тайёрлади Холмурод ҲОЖИЕВ,
Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежининг физика фани ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.