2018 йил август куни Самарқанд шаҳрида «Модернизация - янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказишда журналистнинг таъсирчан сўзи, фаол гражданлик позициясининг ўрни ва аҳамияти» мавзуида минтақавий конференция бўлиб ўтди.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июнда Матбуот ва ОАВ ходимларига йўллаган байрам табригидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига бағишланган бўлиб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Республика товар-хом ашё биржаси (Дўстлар клуби) ҳамда Ўзбекистон Жарналистлари ижодий уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов таъкидлаганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг сони қарийб 4 баробар кўпайиб, 1500 тага етгани ушбу тармоқда ўсиш, ўзгариш жараёнлари изчил давом этаётганидан далолат беради. Энг муҳими, соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда. Газеталар, телерадиоканалларда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучаймоқда, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бормоқда. Миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатиб, интернет журналистикаси жадал ривожланмоқда. Вилоят ва туман оммавий ахборот воситалари медиа майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳам эътибор кучаймоқда.
- Булар оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар,қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича амалга оширилган жиддий ишлар самараси ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги «Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш - халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир» деб номланган маърузасида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар ижодий ташкилотлар тарихида янги даврни бошлаб берди, - деди таниқли адиб ва журналист Фармон Тошев.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августдаги «Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди ташкил этиш тўғрисида», 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида», 2017 йил 15 августдаги «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари миллий медиамуҳитда, чинакам маънода катта воқеа бўлди. Республика товар-хом ашё биржаси билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида ташкил этилган Дўстлар клуби ҳам журналистика соҳасини ривожлантириш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.
Албатта, яратилган шарт-шароитлар, имкониятларга жавобан холис ва ҳаққоний, юксак маҳорат ва масъулият билан фаолият олиб бориш ҳар бир ОАВ ва журналистнинг бурчидир.
Табрикда қайд этилганидек, ҳаётимизда амалга оширилаётган модернизация ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказиш, одамларни янги марралар сари сафарбар этиш, олдимизга қўйган вазифаларни сифатли амалга оширишда журналистнинг таъсирчан сўзи, фаол гражданлик позицияси ғоят муҳимдир.
Конференцияда «Амалдаги қонун ҳужжатларига ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва ривожлантиришга қаратилган ўзгариш ва қўшимчалар киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида», «Жамиятда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда ОАВнинг ролини ошириш масалалари», «Ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб вазифалари» мавзуларида маъруза ва мунозаралар бўлиб ўтди.
Тадбирда Дўстлар клуби номидан Самарқанд вилояти Пахтачи туман газетасига компьютер жамланмаси топширилди. Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган бир гуруҳ фахрий журналистлар ва ёш ижодкорлар уюшма фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Конференция иштирокчилари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилишди. «Зарафшон» - «Самаркандский вестник» газеталари таҳририятлари фаолияти, Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Имом ал-Бухорий мажмуасида бўлди. Пойариқ тумани «Хўжа Исмоил» маҳалласи фаоллари билан учрашиб, маҳалла кутубхонасига китоблар совға қилишди.
Тадбир барча иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.