Меҳнат фахрийси, "Дўстлик" ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Даврон бобо Исломов кўпдан буён маҳалламда бирор бир хайрли ишга қўл урсам, деб ният қилиб юрарди.
Ўйлаб қараса, маҳаллада болалар учун алоҳида ўйингоҳ йўқ. Улар кўчаларда тўп тепиб юришарди. Давронбобо маҳалла чойхонасининг бўш турган еридан қишлоқ фарзандлари учун ўйингоҳ қуришни қўнглидан ўтказди. У ўз ниятини маҳалла фаолларига айтди. Улар бундай хайрли ишдан хурсанд бўлдилар. Тез орада Жўисой маҳалласида умумхалқ ҳашари бошланиб кетди. Даврон бобо бош, Санъат Ҳамроқулов, Ҳомид Равшанов, Бахтиёр Қурбонов, Самеъжон Исломов каби маҳалладаги кишилар "ёнбош" бўлиб, ҳашарга ҳисса қўшишди. Халқ бирдам бўлса тоғни талқон қилмайдими, қисқа муддатда болалар ўйингоҳи қурилиши ҳам бошланди. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ҳам маҳаллага ташриф буюриб, Даврон бобонинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади.
- Насиб этса, ўйингоҳни 1-июнь - "Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни"да фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Бундай яхши ишларда раҳматли отам барчамизга намуна бўлар эдилар, - дейди Даврон бобо Исломов. - Чунки, у киши ўзлари бош бўлиб, маҳалламизга чойхона қуриб берган эди. Мен ҳам падари бузрукворимнинг руҳини шод этай деб, савоб умидида шу ишга қўл урдим.
Ҳа, қўли очиқ Даврон бобонинг бу ташаббуси таҳсинга лойиқ. Қолаверса, барчамизга ибрат намунасидир.
Баҳодир ЗОҲИР,
Жўисой маҳалласи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.