Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАШАББУСКОР ШАРОФ БОБО

Талибарзуи поён қишлоғи Шароф бобо учун киндик қони тўкилган қадрдон маскан. Унинг беғубор, ўйинқароқ болалиги шу қишлоқда ўтган. 1955 йили мактабни битириб ўқишга эмас, далага ошиқди. Комсомол-ёшлар бригадаси тузиб, мўл сабзавот маҳсулотлари етиштиришга аҳд қилди. Тинимсиз меҳнат ўз самарасини берди. 1956 йили мўл ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаб, белгиланган шартномасий режасини ортиғи билан бажарди. 1957-1960 йиллар давомида она-Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтади.

1973 йили Қирғизистон Республикаси собиқ Фрунзе шаҳридаги Политехника институтини битирди. Кўп йиллар Қашқадарё ва Самарқанд шаҳарларидаги гўшт маҳсулотлари тайёрлаш комбинатларида муҳандис-технолог бўлиб ишлади. Нафақага чиқиб ҳам тиниб ўтиргани йўқ. Маҳалла тадбирларида фаол қатнашиб келмоқда.
-Инсон қўли билан яратилган энг буюк мўъжиза бу - китоб. Оламшумул кашфиётлар, одамзод оғирини енгил, мушкулини осон этган ихтироларнинг юзага келишида ҳам унинг хизмати катта,-дейди Шароф бобо Мамадалиев. - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишидан илҳомланиб уйимда ўз нафақамдан мурғак дилларга зиё тарқатиш ниятида оилавий кутубхона ташкил этдим. 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маҳалла болажонларини таклиф этиб, китобхонлик кечаси ташкил қилдим...
Дарҳақиқат, Шароф бобо Мамадалиев маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этиш, барчани, айниқса, ёшларни китобхонликка жалб этиш борасидаги ишларда ташаббускорлик кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам эл у кишининг номини ҳурмат билан тилга олади. Негаки, бу инсон том маънода маданият ходими, зиё тарқатувчи одам.
Ўзининг 80 йиллигини китобсеварлар, маҳалладошлари даврасида нишонлар экан, барчани китоб ўқишга даъват қилади. Уларга доно халқимизнинг “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни енгади”, деган доно ўгитини эслатади. Биз ҳам фарзандлари, набиралдари даврасида соғ-омон юрган фаол зиё тарқатувчи Шароф бобо Мамадалиевга эл ташвишидан чарчаманг, деймиз.

Н.ОЛИМОВ


Дата добавления: 21/07/2017 15:13;   Просмотров: 1420
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку