дейди Талибарзуи поён маҳалласи фаоли, 80 ёшли Шароф бобо Мамадалиев
Юксак эътиқодли маданият арбоблари китобнинг тарбиявий хусусиятларига катта аҳамият бериб, китоб шахсни ҳар томонлама камол топтиришнинг муҳим шартларидан бири деб ҳисоблашган. Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг бир шеърида шундай ёзади:
Билим ул бойликким, сарф билан битмас,
Ўғри уриб кетмас, шоҳ қўли етмас...
Ҳа, китоб мутолаасидан кишининг қалб кўзи очилади. Шунда уни эзгу ишларга чорлайди. Булар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойишида ҳам алоҳида таъкидланган. Ана шу фармойиш боис кўп жойларда китоб дўконлари ташкил этилди, хусусий кутубхоналар фаолият кўрсата бошлади.
Талибарзуи поён маҳалласида истиқомат қилувчи зиёли отахон Шароф бобо Мамадалиев ҳам мурғак дилларга зиё тарқатиш ниятида ўз нафақасидан китоблар харид қилиб, оилавий кутубхона ташкил этди. Ўтган йили 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида уйига қишлоқ болаларини таклиф этиб, уларнинг қўлларига китоб берди. Ўзи ўқиган асарлардан парчалар айтиб, барчани китоб ўқишга даъват этди. Шу-шу болажонлар бу ерга келиб, китоб мутолаа қиладиган бўлишди. Отахон баъзи китобларни уйларига ўқиб келишлари учун бериб юборадиган, келганида эса унинг мазмунини сўрайдиган бўлди.
- Инсон қўли билан яратилган энг буюк мўъжиза - бу китобдир, - дейди Шароф бобо. - Оламшумул кашфиётлар, одамзот оғирини енгил, мушкулини осон қиладиган ҳам китобдир. Кутубхонага келувчилар орасида ёши улуғ шоиру ёзувчилар ҳам, журналистлар ҳам бор. Улар фаолиятимиз билан танишиб, хайрли ишга қўл урганимиз учун ташаккурлар изҳор этишди, янги чиққан китобларидан намуналар туҳфа этишди. Менинг ўзим эса ҳар гал нафақа пулимни олганимда янги-янги китоблар харид қилиб келиб, кутубхонам фондини бойитиб бордим. Ҳозир мингдан ортиқ турли-туман китоблар бўлиб, уларни болажонлар севиб мутолаа қилаётирлар. Кутубхонанинг бир чеккасида шахмат-шашка, ўйнаш учун алоҳида бурчак ташкил этилган. Йил якунида энг фаол китобсеварлар, спортчилар расмлари, фамилияси ва исми ёзилган кўргазма-тахтаси чиқарилди. Бундан хурсанд бўлган китобсеварлар сони кўпаяптики, озайгани йўқ.
Кейинги вақтларда айрим кишилар тантанали тўй-ҳашамлар уюштириш билан овора бўлиб, болаларининг ўқишидан хабар олмай қўйишди. Ҳаёт шундай экан-да, дея ўйлаган болажонлар эса китоб мутолаасидан узоқлашиб қолишди. Биз кекса авлод уларга китобнинг аҳамиятини туршунтирмасак, паст савияли бўлиб қолишлари мумкин. Шоир Олимжон Орифий ёзганидек:
Китоб самар берур, мевали боғдек,
Фазлу ҳунар ўргатар, қайнар булоқдек...
Шундай экан айрим нарсалар мени қийнади. Кутубхонамиз фаолиятини янада юксалтириш, кўрик-танловларда иштирок этиш учун нималарга эътибор қаратишни Ёшлар иттифоқи туман бўлими, Маънавият ва маърифат бўлими, ҳатто туман ҳокимлигининг айрим раҳбар ва мутахассисларидан сўрасам ё елка қисиб қўйишади, ёки эртага келинг дея мени овора қилишади.
Сўнгги пайтларда кутубхонадан айрим китоблар йўқолиб бормоқда. Уларни йўқотмаслик учун ҳар бир китоб бурчагига бир белги (штамп) қўйишни сўраб вилоят Адлия бошқармаси, туман ва вилоят ИИБларгача бордим. Натижа бўлмади. Менинг ёшимда идорама-идора югуриб юриш осон эмас. Ахир, Юртбошимиз халқ раҳбарларга эмас, раҳбарлар халқ олдига бориши керак, дея айтган-ку? Нега бунга юқорида номлари зикр этилган ташкилотлар раҳбарлари мени овора-ю сарсон қилиб, асабимни бузишади?! Беҳудага шоир:
Жигар ўрнини, воҳ, босарми ўпка,
Афтингга тушар бил, тупурсанг кўкка,
дея ёзмаганда. Мақсадим, ташаббус сўнмасин, билимли болажонлар кўпаяверсин.
Ҳа, азиз ўқувчи,
Сиз ташаббускор отахон сўзларига нима дейсиз? Жавобингизни кутамиз.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.