Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАРҒИБОТДА ҲИКМАТ КЎП

Бир шоир «Ҳар ким ўз маҳалласи билан ғурурланади. Чунки у кичик Ватандир, шу ерда туғилиб ўсган ва билим масканида таълим-тарбия олган», дегани бежиз эмас. Мен ҳам шу ерда ўсдим, улғайдим, кўп йиллар халқ таълими соҳасида ишлаб, келажагимиз ворисларига сабоқ бердим. Айни пайтда мен илк сабоқ берган ёшлар ҳозир катта-катта идоралар бошлиғи, фермер ёки тадбиркорлик билан ном чиқарган. Уларни кўриб бир хурсанд бўлсам, маҳалласининг янада обод бўлиши учун фидойилик кўрсатаётганидан ич-ичимдан севинаман. Негаки ўзим ҳам маҳалла ишларида аралашиб юриб, буларнинг ҳаммасини кўриб, дилдан ҳис этиб турибман. Бир неча йилдирки, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишламоқдаман.

Маҳаллада жуда кўп тадбирлар ўтказилади. Уларнинг ҳаммасини маслаҳатлашган ҳолда, тартибли ва ихчам ўтказиш учун бор имкониятларни ишга солмоқдамиз. Шу ўринда тўй-ҳашам тўғрисида сўз юритмоқчиман. Ушбу маросимни тартибга солиш масаласи мамлакат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бир неча бор муҳокама этилди. Натижада Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси қабул қилинди. Унда қайд этилишича, тўй ҳашамлар соат 10.00 дан 23.00 гача, ош бериш маросимлари 12.00 дан 15.00 гача ўтказилади. Соат 23.00дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Дафн этиш ва мотам маросимларида чекланмаган миқдорда фуқаролар иштирок этиши мумкин, ош бериш маросимлари бундан мустасно.
Албатта бу ишларни ташкил этиш биз, маслаҳатчилар ҳамда фаолларга боғлиқ. Қарор лойиҳасида кўрсатилганидек ишлар уюштирилса, ўйлайманки, маъракаларимиз замонага мос ва хос бўлади. Шундагина юртбошимиз биздан рози бўлади. Бунинг учун маҳалла фаоллари, кекса отахон ва онахонлар ҳамкорликда ишлашимиз, маҳалламиз обрўсини кўтариш учун билим ҳамда тажрибаларимизни ишга солишимиз зарур. Тарғибот яхши ташкил этилса, ўйлайманки, халқимиз шунга амал қилади. Мана яқинда маҳалла фуқароси Сайфулла Аббосов ўз ҳовлисида тўй қилди. Ўғлини уйлантирди. Тўйга 150 киши таклиф этилди. Ортиб қолган маблағга эса келин-куёвга рўзғори учун керакли нарсаларни олиб берди. 90 ёшдан ошган Насрулла Бобоев, Хосият Очилова ҳамда маҳалла фаолларидан Раҳматжон Йўлдошев, Шарофат Шарипова, Хосият Баҳроновалар икки ёшни қутлашди, юртбошимизнинг омон юришини тилаб дуо қилишди.

Хайринисо КАРИМОВА,
Дўстлик маҳалласи раисининг диний маърифат ва маънавий - ахлоқий тарбия масалалари
бўйича маслаҳатчиси


Дата добавления: 13/07/2018 12:32;   Просмотров: 1040
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку