Пайғамбаримиз (с.а.в.) отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:
"Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди" (Термизий ривояти). Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшаш бўлиши керак.
Болалар ёш вақтларида уларнинг тарбиясига бепарво бўлиш, ёмон кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтганда, бола қалби турли ёзув ёзиш мумкин бўлган бир oқ қоғозгa ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ёзувлар битиш керак. Улар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, комил инсонлар бўлиб етишишлари учун бор имкониятларни ишга солиш зарур.
Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туриши туғилажак фарзандининг келгусида яхши тарбияли, одобли,имон-эътиқодли бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик чоғида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг хаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган.
Б.ШАРИПОВ
туман бош имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.